Украин адабиётининг ёрқин юлдузи, Леся Украинка шеъриятини ўзбек поэзия ихлосмандлари жуда яхши билишади.
 
2 (1).jpgЎзбекистонда шоиранинг 100 йиллиги кенг нишонланган. Зулфия, Миртемир, Шухрат, Уйғун, Жуманиёз Жабборов, Эркин Воҳидов, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Носир Муҳаммад, Абдулла Шер каби атоқли ўзбек шоирлари Леся Украинка асарларидан намуналарни ўзбек тилига таржима қилишган.
Бугун Ўзбекистон Ёзувчилари Уюшмасида шоиранинг ўзбек тилидаги “Марварид ёшлар” китобининг тақдимот маросими ҳам айни шу анъананинг давоми бўлди. Шоиранинг илк ўзбек тилидаги китоби 1972 йилда ўқувчилар эътиборига ҳавола этилган.
Ҳаёт ва Эрк куйчиси Леся Украинка асарларидаги Ватан қайғуси, озодликка бўлган ташналик, соғинч изтироби, табиат ва борлиққа муҳаббат, юрт ва халқни эъзозлаш туйғулари ўқувчини инсон умрининг ҳақиқий мазмун моҳиятини англашга, тушунишга чорлайди.
Ёзувчилар уюшмасининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо анжуманни очаркан, адабиёт намуналарининг таржималари турли тилдаги халқларнинг қалбан туташуви эканини алоҳида таъкидлади.
Леся Украинка “Йўқ тирикман! Юрагимда барҳаёт туйғу, шу боис ўлим йўқ менга. Яшайман мангу!” дея ҳайқирганида инсониятнинг мангуликка даҳлдор сардорлари ҳақида куйлаган эди! Шоиранинг умр маслаги бўлган Ватан қайғуси ва халқини ардоқлаш фалсафаси сингдирилган шеърлари ўзбек шеърхонларининг ҳам қалбидан чуқур жой олган. Китобга машҳур ўзбек шоирларининг турли йилларда шоира шеърларидан қилган таржималари киритилган. Леся Украинка ижодининг гултожи бўлмиш, “Ўрмон қўшиғи” драмаси, халқ оғзаки ижоди ва афсона, мифлардан самарали фойдаланган ҳолда яратилган. Шоира драмада инсонлар ва афсонавий тимсолларни гуманистик қарашлардан келиб чиқиб мулоқотга кириштиради. Шоиранинг ушбу драмасини иқтидорли шоир Сирожиддин Рауф биринчи маротаба ўзбек тилига муваффақиятли равишда тўлиқ ўгириб, ўзбек китобхонларини ҳам Леся Украинканинг маънавий оламидан кенг баҳраманд бўлишга ҳисса қўшди.
Тақдимот анжуманида Украина давлатининг Ўзбекистондаги элчиси Савченко Юрий Василъевич, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, шоир ва таржимон Сирожиддин Рауф ва бошқалар сўзга чиқди. Ушбу “Марварид ёшлар” китобига шоиранинг кейинги йилларда ўзбек тилига ўгирилган янги таржималари ҳам киритилган.
Жавонингизга яна бир маънавий жавоҳир муборак бўлсин, азиз китобхон!

 

Озода Бекмуродова, ЎзА