Кейинги пайт ижтимоий тармоқда интернет фирибгарлиги, айрим шахслар тўрга ишониб картасидаги пулидан айрилгани ҳақидаги хабарлар кўпайган. Гарчи ғоя, ихтиро ва кашфиёт, янги технология тараққиётни ҳаракатга келтираётган эса-да, замонавий ютуқлардан фирибгарлар ҳам унумли фойдаланмоқда.Афсуски, инсон заковати маҳсули бўлмиш техник тараққиёт улар учун ҳам айни муддао бўлганига мисол етарли.

Хасислик юнон савдогарлари бошига қандай кулфат келтирган?

Технология асридан анча олдин ҳам одамлар бойиш учун турфа усулдан фойдаланишган. Бундай ҳаракатларнинг бари ҳам қонун доирасида бўлмаган.

Кунларнинг бирида грециялик икки совдагар – Гегестратос ва Зеностемис чўнтакларини ўз маҳсулотини суғурталаш орқали қаппайтиришга қарор қилишди. Улар катта қарз олиб, савдо кемасида йўлга чиқишди. Келишувга кўра, ушбу маблағ суғурта қилинган юк сотилгандан кейин фоизи билан қайтарилиши керак эди. Олғир тадбиркорлар эса бошқа йўлдан боришди: бошларини оғритиб ўтирмай, кемани шунчаки чўктириб қўя қолишди.

Дарвоқе, бу қаллоблик иш бермади. Гегестратос қочишга уринганда ўлдирилди,  Зеностемис эса жазосини олиши учун Афина судига жўнатилди.

Шу воқеадан сўнг асрлар ўтди, бироқ технологиялар ҳамон айрим фирибгарларга қўл келмоқда.

Смитнинг товламачилиги фожиали якун топди

Жефферсон Рэндольф Смит “Совунли” лақабини ишонувчан одамларнинг пулини ўзлаштириш мақсадида жуда оддий, бироқ самарали технологиядан фойдалангани учун орттирган.

У оддий совун бўлагини папирос қоғозига ўраб сотиб юрар, харидорларга 5 доллар эвазига қадоқ ичидан 100 долларлик купюра топиб олиши мумкинлигини таъкидларди. Дастлабки омадлилар ҳақиқатан фойда кўришди. Шу тариқа ютуқ қўлга киритиш илинжида бошқалар ҳам беш долларидан осонгина воз кеча бошлади…

Охир-оқибат Смитнинг иши халол фуқаролар жаҳлини чиқарди ва 1898 йил у маҳаллий аҳоли билан можарода бошидан ўқ еб, дунёни тарк этди.

Товламачилик воситаси – оптик телеграф

Ака-ука Франсуа ва Жозеф Блан Бордо хом ашё биржасида облигация сотиб кун кўришарди. Қимматли қоғоз нархи Париждаги воқеаларга кучли таъсир кўрсатарди. Фақат қайси биржа ўйинчиси маълумотни биринчи бўлиб олсагина, катта фойда кўрарди. Рақобатчилар ахборотга ҳаммадан олдин эга чиқиш учун бор қитмирлишини ишга солар, бу йўлда, ҳатто, почта каптарларидан ҳам фойдаланарди.

Ака-ука Блан ҳаммадан айёр экан: ўша пайт истеъмолда бўлган оптик телеграфдан ноқонуний маълумот узатишда фойдаланишни ўйлаб топишди. У даврда телефон ҳали ихтиро қилинмаган,  телеграф эса сигнал берадиган тирсакка эга улкан минорадан иборат эди. Хабар бир минорадан иккинчисига узатиларди. Ака-ука алоқачини пул эвазига ўзига оғдириб, Париж фонд биржасидаги ўзгариш ҳақида махфий хабар жўнатиш имконига эга бўлишди.

Энг қизиғи, уддабуро ака-ука жиноий жазодан қутилиб қолишди, чунки ўша пайт Францияда минорадан шахсий хабар узатишда фойдаланишни тақиқловчи қонун йўқ эди. Ҳамтовоқ алоқачилар эса пора олганликда айбланиб, жазоланишди.

Видео оқими даври қандай якунланди?

“Pixelon” компаниясига 1998 йил тадбиркор Майкл Фенн асос солган. Ўшанда тезкор интернет ҳақида фақат орзу қилиш мумкин эди. Ҳатто, энг сифатсиз видеони юкла ҳам бир неча дақиқа вақт оларди.

Шунда Фенн ҳар бир хонадонга юқори сифатли видео оқимини ваъда қилди. Доҳиёна лойиҳани ҳаётга жорий қилиш учун у муҳандислар гуруҳи шакллантириб, тадбиркор инвесторларни маблағ жалб қилишга кўндирди. Корчалонлар ғояда улкан салоҳият кўриб, дарров сармоя кирита қолди.

Майкл Фенн 30 миллион долларни йиғиб олгач, Лас-Вегасда юлдузларни таклиф этиб, “Pixelon” фаолияти бошлангани муносабати билан йирик базм кечаси уюштирди. Компания имкониятини намойиш қилиш учун тадбир тўғридан-тўғри трансляция қилиб борилиши керак эди. Афсуски, томошабинлар экранда ҳеч нарса кўра олишмади. Воқеалар бундай ривожлангач, кўплаб инвесторлар компания технологиялари ҳақида батафсил маълумот олишни истаб қолишди.

Худди шу жойда уларни “кутилмаган совға” қарши олди. “Pixelon” асосчиси Майкл Фенн, аслида, бир неча йилдан буён қимматли қоғоз билан товламачилик қилиб, қидирувга берилган машҳур фирибгар Дэвид Ким Стэнли бўлиб чиқди.

Қон таҳлилининг инқилобий усули

2003 йил Элизабет Холмс “Theranos” хусусий корхонасини очди. Ушбу стартап қон таҳлили бўйича илмий инқилоб ясаши лозим эди. Компания мижозларга патентланган қон таҳлили технологиясидан фойдаланиб, бир неча дақиқада хулоса чиқариб беришни ваъда қилди. Бунинг учун махсус “наноконтейнер” солинган бир томчи қон етарли экани таъкиланди.

Амалда бундай таҳлилнинг иложи бўлмаганини айтиб ўтириш шарт эмасдир. Хуллас, Холмс ва унинг жамоаси кўп йил давомида инвесторлар қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб юришди. Улар тест натижасини қалбакилаштириб, тушуниб бўлмайдиган, ваъда қилинганидек ишлай олмайдиган аллақандай қурилмалар ишлаб чиқаришди. Қон топшириб, ускуна самарали эканига ишон ҳосил қилмоқчи бўлган “синовчилар” эса тижорий сир баҳонасида таҳлил пайти лабораториядан ташқарига чиқариб қуйиларди.

2015 йил матбуот ва суғуртачилар “Theranos” фааолияти билан жиддий шуғуллана бошлади. Уч йилдан сўнг бош директор Элизабет Холмс ва компания президенти Рамеш Балванига фирибгарлик билан боғлиқ айблов эълон қилинди ва улар 2022 йил мос равишда 11 ва 13 йилга қамалди.

Қилмиш қидирмиш хорватияликлар

Рақамли совға картаси соҳасида мислсиз муваффақиятга эришишни ваъда қилган “Bouxtie” компанияси билан танишамиз.

Мазкур лойиҳа бир вақтлар улкан ваъдалари билан Америка бозорини остин-устун қилиб юборганди. 2017 йил корхона асосчиси, хорватиялик тадбиркор Ренато Либрич компаниясини 150 миллион доллар бериб сотиб олишга тайёр йирик корпорациялар борлигига ишонтира олди. Афсонани кучида сақлаб қолиш учун Либрич бўлажак харидорлар ва ўз компанияси директорлар кенгаши аъзоларининг имзолари, банк кўчирмалари ва чекларини сохталаштирди. Охир-оқибат у инвесторларни маблағ жалб қилишга кўндирди ва қисқа фурсатда компания ҳисобида 1,5 миллиард доллар тўпланди. Либрич вақтни бекорга сарф қилмай, шу заҳотиёқ 130 миллион долларни шахсий ҳисобига ўтказишга улгурди. Бир йил ўтгач, федерал судьялар уни фирибгарликда айблаб, ҳибсга олди. Ренато Либричга уч йиллик қамоқ жазоси тайинланиб, жабрланувчиларга 1,5 миллиард доллардан ортиқ товон тўлаш мажбурияти юкланди.

Интернет материаллари асосида Саидмурод Раҳимов тайёрлади.

ЎзА