Остона саммитида ШҲТ+ форматидаги муҳокамада иштирок этадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш тузилма фаолиятига баҳо бераркан, халқаро майдонда муҳим ўрин эгаллаган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти минтақавий барқарорликка эришишга муносиб ҳисса қўшаётганини таъкидлади.

– Сўнгги бир неча йил ичида ШҲТ халқаро майдонда муҳим иштирокчига айланди, – деди у “Казинформ” агентлигига берган интервюсида. – Умумий таҳдидга, жумладан терроризм ва зўравонлик экстремизмига қарши жавоб чораларини мувофиқлаштириш бўйича асл мақсадига содиқ қолган ҳолда, ШҲТ иқтисодий интеграция ва кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга интилмоқда.

Гутерришнинг сўзларига кўра, дунё кўплаб муаммоларга дуч келмоқда. Жумладан, иқлим инқирози ва халқаро можаролар кучаймоқда.

– Инқироз пайти мамлакатлар “ўсиб бораётган тафовут олдида” бирлашиши, бирга ишлаши керак, – қўшимча қилди жаҳон ташкилоти раҳбари. – Минтақавий тузилмалар дунёнинг турли ҳудудларида тинчликни таъминлаш ва сақлашда муҳим роль ўйнайди. Тажриба, тезкор жавоб бериш имконияти ва ўрнатилган ҳамкорлик асоси можароларнинг олдини олиш ва тинчлик ўрнатиш учун ажралмас ҳолга келтиради.