Тошкент шаҳрида 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашлари девонларининг икки томонлама маслаҳатлашуви бўлиб ўтди.
Тадбир 2017 йил 25 август куни Остона шаҳрида ўтган Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашлари девонларининг маслаҳатлашувлари якуни бўйича имзоланган баённома ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди. Унда Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Ермекбаев бошчилигидаги делегация иштирок этди.
Учрашувда минтақада хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланишга эришишдаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатлари кўп қиррали ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини бермоқда. Мамлакатларимиз ҳудудлари ўртасида алоқалар фаоллашгани халқларимизни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатларимиз минтақа хавфсизлигига таҳдид солувчи терроризм, экстремизм ва гиёҳванд моддалар ноқонуний айланишига қарши курашиш бўйича самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот органларининг мулоқотлари мунтазам равишда амалга оширилмоқда. 2017 йил август ойида Қозоғистон Республикаси мудофаа вазирининг мамлакатимизга ташрифи, жорий йил январь ойида Остонада бўлиб ўтган ҳарбий-техник соҳада ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳ йиғилиши фикримиз тасдиғидир.
Ҳозирги кунда мамлакатларимиз давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш каби устувор вазифалар ижроси изчиллик билан олиб борилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида демаркация масалалари бўйича ишчи гуруҳининг учта йиғилиши ўтказилди.
Минтақа манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон билан Қозоғистон трансчегаравий дарёлар ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида доимий маслаҳатлашувларни йўлга қўйган.
Хавфсизлик кенгашларининг маслаҳатлашув учрашуви тинчлик йўлидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга имкон бермоқда. Ўтган қисқа даврда маслаҳатлашувларнинг бундай механизми ўзининг долзарблигини исботлади ва ўзаро муносабатлардаги муҳим масалаларга ечим топишнинг самарали платформаси сифатида аҳамиятини намоён этди.
Учинчи бор ташкил этилган маслаҳатлашувда Афғонистондаги вазият, Марказий Осиё минтақасида мавжуд ҳолат ва шароитлар таҳлил қилинди. Ҳарбий-техник, қўшинларнинг биргаликдаги жанговар тайёргарлигини ошириб бориш, қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказиш, ноқонуний миграцияга қарши курашишда идоралараро муносабатларни фаоллаштириш юзасидан фикр алмашилди. Божхона, фуқаролик авиациясига қарши қаратилган ноқонуний аралашув усуллари ва воситалари, халқаро-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда ҳамкорлик йўналишлари бўйича ўзаро фаолиятни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Мулоқотда, шунингдек, 2017-2018 йилларда хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик бўйича «Йўл харитаси» ижросини изчил амалга ошириш зарурлиги таъкидланди. 2017 йил 16 сентябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Ресспубликаси ҳукуматлари томонидан тасдиқланган Ўзбекистон – Қозоғистон давлат чегараларида қурилиши таклиф этилган автомобиль йўллари ва майдонлари, ўтказиш пунктларини қайта таъмирлаш ва модернизация қилиш бўйича «Йўл харитаси» ижросининг дастлабки якунлари кўриб чиқилди.
Йиғилишда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш, ушбу соҳаларда қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш бўйича таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси Хавфсизлик кенгашлари девонларининг икки томонлама маслаҳатлашувлари якуни бўйича баённома имзоланди.
Қозоғистон Республикаси Президентининг ёрдамчиси – Хавфсизлик кенгаши котиби Н.Ермекбаев Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги академияси бошлиғи Б.Матлюбов билан ҳам учрашди.
Мулоқотда терроризм, экстремизмга қарши курашиш, гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши билан боғлиқ жиноятларнинг олдини олишда ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Меҳмонларга жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Қозоғистон делегацияси шу куни Самарқанд шаҳрида бўлиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилди. Меҳмонларга Буюк Йўлбошчимиз мангу қўним топган Ҳазрати Хизр мажмуасида амалга оширилган улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ҳақида сўзлаб берилди.

 

Улуғбек ШОНАЗАРОВ, ЎзА