Онлайн: Ҳасан Ражабоев: “Эски замон майлида фикрлайдиганлар учун имкониятлар камаймоқда”

“Ўзбекистон 2035” халқаро форумда таълим ва фан тизимини ривожлантириш масалалари қизғин муҳокама қилинмоқда.
Пойтахтимиздаги Инҳа университетида “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро форум ўз ишини давом эттиради.
Чунончи, Фан, туризм, маданият, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш масалаларига бағишланган шўъба йиғилишида мамлакатимизда таълим ва фан тизимини ривожлантириш масалалари кенг муҳокама қилинмоқда.
Қуйида мажлис эксперти Ҳасан Ражабоевнинг (Сингапур) мавзу юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари баёнини келтирамиз:
– Таълим бу миллатнинг, жамиятнинг, бутун давлатнинг таянчи. Маърифат сустлашган, маънавий қадриятларга путур етган, дунёқараши тор миллатнинг келажаги завол ва умидсиздир.
Ҳуқуқий демократик давлат асосларини мустаҳкамлаш масаласи бир саволга бориб тақалади. Бу ҳам бўлса “Таълим, фан, маданият ва киши дунёқарашини ўзгартириш учун нима қилмоқ керак?”.
27.jpg
Бу саволга турлича жавоб бериш мумкин. Биринчи ҳолатда кўпгина саволларнинг ечимини биламиз. Бироқ қўллашга келганда тушунарсиз баҳоналар панд беради.
Бунга ҳаётимизда мисоллар бисёр: бугун “Ўзбекистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясининг аксар ходимлари инглиз, рус ва ҳаттоки ўзбек тилида тўлиқ ва тўғри сўзлаша олишади, дейиш мушкул. Ёки таълим соҳаси давлат фаровонлигининг асоси, аммо, ўқитувчининг маоши унинг фаровонлигини таъминлашга етарли эмаслиги…
Бу ўринда муаммоларни ҳал қилиш, гапиришдан кўра осонроққа ўхшайди. Юқоридаги каби оддий мисолларнинг амалий ечимидан олдин яна қанча оламни жунбушга келтира олмайдиган олим авлодларнинг увол бўлиши, минглаб сайёҳларнинг илк таассуротлари рўёга айланиши, зиё улашадиган олий ўқув юртларининг абгор бўлиши кераклиги фақат шу ҳақиқатни инкор қилувчиларгагина аён.
Иккинчи ҳолатда шу саволларнинг барчасига бўлмаса-да, аксариятига жавоб бошқа давлатларда, илғор мамлакатларда муваффақиятли жавоб топилган.
Афнан мана шу тайёр ва инкор этиш икки карра қийин бўлган тажриба билан ўртоқлашиш, мукаммал бўлмаса-да, холис ва амалий фикрларни билдириш Форум сессия йиғилишларида билдирилмоқда.
Шу билан бирга, сессиямиз иштирокчилари ислоҳотлар йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш, коррупцияга қарши муросасиз курашиш, мериотократик тизимни рағбатлантириш, инновацион сиёсатнинг туркумларини яратиш борасида ҳам ўз таклифларини билдиришади.
Бугун бир нарсани таъкидлашни истардим. Ўзбекистонга чинакам баҳор келди. Эски замон майлида фикрлайдиганлар учун имкониятлар камаймоқда. Янги давр бўсағасидамиз.
Ўзбекистон тарихига назар солсак, 2 минг 600 йилни монархия, яна юз йиллик тарихини коммунизмнинг ушалмас орзуларига топширди. Ўтган 25 йилда эса ҳақиқий давлат қуришга ҳаракатлар бўлди. Аристократия, меритократия ва партократия ҳам қўллаб кўрилди. Энди эса демократия қуриш вақти келди. Шу тараддут ва янги ҳукумат ислоҳотларининг ҳақиқийлигига ва самимийлигига ҳозирги кунда бутун дунё ишонч билдирмоқда.
Шу маънода бугун биз фақат бир жиҳатда бўлинишимиз мумкин: юқоридаги шарафли ва вақти-соати етган ислоҳотларга ишончсиз ҳолда қарши турувчилар ёки самимий прагматик руҳдаги ватанпарварлар. Бу масалада муросага ўрин йўқ. Биз бу келажакни, Буюк келажакни бирга қуришни таклиф қиламиз.

 

Улуғбек Шоназаров, Фарҳод Абдурасулов (сурат) ЎзА