Онлайн: Ниғматилла Йўлдошев: “Одамларни ташвишга солаётган муаммолар ечимига эътибор кучайтирилади”

Олий Мажлис Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида маъруза қилган Сенат раиси Н.Йўлдошев Ўзбекистон сиёсатида рўй бераётган янгиликлар, фуқароларни эл-юрт равнақи йўлида оёққа туришга чорловчи эзгу даъватлар барчани том маънода уйғотганини таъкидлади.
Айниқса, давлат органлари фаолияти билан боғлиқ, маълум маънода қотиб қолган қарашлар ўзгарди. Барча куч ва воситалар, давлат хизматидаги масъуллар салоҳияти, аввало, одамларни ташвишга солиб келган муаммолар ечимига сафарбар этилмоқда.
Жумладан, парламент иши ҳам янги мазмун-моҳият билан бойитилиб, амалда халқ вакиллари фуқаролар билан бевосита мулоқотга кириша бошлади.
Натижада барча соҳаларда ва ҳудудларда йиллар давомида эътибордан четда қолиб келган масалалар юзага чиқмоқда. Бу масалаларни вакиллик ва ижро органлари ҳамкорлигида комплекс ҳал этишга қаратилган амалий чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Ҳар бир вазифанинг сўзсиз ва сифатли бажарилиши юзасидан парламент ва жамоатчилик назорати янги механизмлар асосида йўлга қўйилмоқда.
Шу тариқа давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи бўлган халқнинг назорати жамият ҳаётининг барча жабҳаларида таъминланмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 августдаги “Ҳудудларнинг жадал ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашга доир устувор чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Сенат аъзолари ва депутатлар томонидан ҳудудий комиссиялар билан биргаликда ҳар ойда 14 туманда ўрганишлар ўтказилмоқда.
Жумладан, Тошкент, Андижон, Сирдарё вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги жами 20 туманда 6 мингдан ортиқ хонадонда истиқомат қилувчи 20 мингдан зиёд аҳоли билан бевосита мулоқот ўтказилди, 600 дан ортиқ ижтимоий соҳа объекти, 400 га яқин маҳалла фуқаролар йиғини фаолияти ўрганилди.
Муаммоларни ҳал этиш мақсадида туман ва вилоят миқёсида махсус “Йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, маҳаллий Кенгашлар сессияларида тасдиқланди. Бу борада жойлардаги секторлар ҳамда мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш чоралари кўрилмоқда.
Ўрганишлар давомида аниқланган ва республика даражасида ҳал этиладиган масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига киритилган таклиф ва тавсиялар асосида Ҳукумат даражасида 10 дан ортиқ “Йўл харита”лари ишлаб чиқилди.
Бироқ, такрор бўлса-да, қайд этиш ўринлики, ўрганишлар таҳлили ижтимоий соҳалар, жумладан таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларида айрим муаммолар сурункали тус олганлигини кўрсатмоқда.
Ўрганилган барча туманлардаги мактабларда ўқитувчилар, айниқса, рус тилида таълим берувчи педагоглар, шунингдек, математика, информатика, физика, кимё, биология, география, ҳуқуқ ва бошқа муҳим фанлардан ўқитувчилар, деярли барча туманларда 150-200 нафардан тор доирадаги тиббий мутахассислар ва умумий амалиёт шифокорлари етишмайди.
Бугунги кунда умумтаълим мактабларида амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда 66 минг 600 нафардан зиёд ўрта махсус маълумотга эга ўқитувчилар дарс бериб келмоқда.
Халқ таълими бошқармалари эса айрим ҳолларда олий маълумот олиш истагида бўлган ўқитувчилар йўлига сунъий тўсиқларни қўймоқда.Биргина мисол: Шаҳрихон туманида яшовчи фуқаро Ахунова Андижон давлат университети махсус сиртқи бўлимига асоссиз равишда қабул қилинмаганидан норози бўлиб, Сенатга мурожаат қилди.
Ўрганишлар шуни кўрсатдики, вилоят халқ таълими бошқармаси Ахунова тўғрисида университетга нотўғри маълумотларни атайин тақдим этган. Оқибатда у ўқишга қабул қилинмаган.
Сенат қўмитаси аралашуви билан фуқаронинг ҳуқуқи тикланиб, у ўқишга қабул қилинди.Вилоят халқ таълими бошқармаси масъул ходимларига нисбатан эса тегишли таъсир чоралари қўлланилди.
Шу каби одамларни ташвишга солаётган муаммоларга ечимига бундан буён ҳам эътибор кучайтирилади.

 

Норгул Абдураимова,ЎзА