Онлайн: Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида “Ўзбекистон 2035” халқаро форуми бошланди

Пойтахтимиздаги Инҳа университетида “Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг экспертлар кенгаши иштирокидаги халқаро форуми бошланди.
“Буюк Келажак” халқаро нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда ташкил этилаётган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, дипломатик корпус, тегишли вазирлик ва идоралар, олимлар, ишбилармонлар, халқаро ва жамоат ташкилотлари вакиллари, илмий марказлар, экспертлар, ўзбекистонлик ёшлар ва хорижлик юртдошларимиз иштирок этмоқдалар.
“Буюк келажак” ташкилоти Ўзбекистонда туғилиб, турли сабабларга кўра хорижда яшаётган, меҳнат фаолиятини олиб бораётган ва таҳсил олаётган юртдошларимиз томонидан ташкил этилган ва 7 май куни бўлиб ўтган таъсис йиғилишида мамлакатнинг 2035 йилгача бўлган узоқ муддатли стратегик концепциясини муҳокама қилиш учун халқаро форум ташкил этишга келишиб олинган эди.
Бугунги форум Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ислоҳотларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида ташкил этилди.
Форумда “Буюк келажак” ташкилотининг дунёдаги 20 га яқин мамлакатидаги 60 дан зиёд экспертлари иштирок этмоқда. Тузилма экспертлар кенгаши раиси, “Rosnano” компанияси истиқболли лойиҳалар тараққиёти бўлинмаси раҳбари А.Каланов, Сингапур университетининг Ли Куан Юй номидаги давлат сиёсати мактаби ҳамда Япониянинг Кеё университети Глобал тадқиқотлар институти тадқиқотчиси Ҳ.Ражабоев, “Austria GMBH” нинг давлат органлари билан маслаҳатлашувлар олиб бориш бўйича катта менежери А.Муҳаммадқулов, Белгияда барқарор ривожланиш ва корпоратив-ижтимоий масъулият соҳаси мутахассиси М.Шарипова шулар жумласидан.
Бугунги тадбир доирасида ташкил этиладиган шўъба йиғилишларида давлат ва жамият бошқаруви тизимида демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, аҳоли яшаш даражаси ва ижтимоий муҳофазани кучайтириш, қишлоқ хўжалиги, саноат, иссиқлик ва электр энергияси мажмуаси, инфратузилмани ривожлантириш, молиявий соҳа, инновациялар, ўрта ва кичик тадбиркорликни ривожлантириш, илм-фан, туризм, маданият, таълим ва инсон капитали каби соҳалардаги мавжуд муаммолар муҳокама этилади.
Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг ўринбосари А.Абдувоҳидов, БМТнинг мамлакатимиздаги дoимий мувофиқлаштирувчиси, БМТ Тaрaққиёт дaстурининг дoимий вaкили Х.Фрейзер, “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори А.Бурхонов, “Буюк келажак” ташкилоти экспертлар кенгаши раиси А.Каланов, “Буюк келажак” экспертлар кенгаши аъзоси К.Шодиев мазкур йўналишдаги ислоҳотлар аҳамияти ҳақида маърузалар қилиши кутилмоқда.

 

Улуғбек Шоназаров, ЎзА