Австралия – Перу (0:2)
Кенгурулар юрти вакиллари учун “синов” оғир кечди. Улар биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқишди. Гол Карилё ҳисобига ёзилди. Аммо бундан яшил қита вакиллари хавотирга тушиб қолганича йўқ. Олдинга ташланишди. Шундай вазиятларнинг бири гол билан якунланишига оз қолди. Аммо тўп дарвозага кирмади. Иккинчи бўлимнинг 50 дақиқасида афсонавий ҳужумчи Герейро ҳам ўз номини таблога ёздириб қўйди. Бу ҳисоб бошқа ўзгармади. Шундай қилиб ҳар иккала жамоа ҳам мана шу ерда ўз иштирокларини якунлади.
Дания – Франция (0:0)
Жаҳон чемпионатидаги 38 та ўйиндан буён давом этиб келаётган голли серияга ушбу баҳс орқали якун ясалди. Французлар майдонда иккинчи таркиб билан ҳаракат қилишди. Дания эса асосий футболчилари билан ўйинни бошлади. Жамоаларнинг барча уринишлари бесамар кетди ва ушбу “Д” гуруҳидан иккала терма нимчорак финалга йўл олди.
Аргентина – Нигерия (2:1)
Лионел Месси жамоадошлари учун бу ўйин жуда қийин кечди. Кутилганидек, Аргентина дастлабки дақиқалардан ҳужумга ташланди. Бу эса ўз самарасини бермай қўймади. Учрашувнинг 14 дақиқасида Банега томонидан Мессига тўп узатилди. Лео уни голга айлантирди. Айтиш жоизки, бу унинг ушбу мундиалдаги биринчи голи эди. Ушбу таймда бошқа ҳисоб ўзгармади. Иккинчи бўлимнинг 49 дақиқасида Жунайд Чақир Нигерия фойдасига пеналти қўйиб берди. Мозес уни аниқ амалга оширди. Энди африкалик футболчиларда ҳужумлар сони кўпайди. Учрашув қайноқ суратларда давом этди. Маркос Роҳо томонидан 86 дақиқада киритилган гол эса Жанубий америкаликларни нимчорак финалга олиб чиқди.
Исландия – Хорватия (1:2)
Ушбу ўйин ҳам шиддатлилик даражаси бўйича нариги баҳсдан қолишганича йўқ. Биринчи бўлим асосан, исландларнинг ҳужумлари остида ўтди. Дастлабки гол эса иккинчи бўлимда киритилди. 49 дақиқада хорватиялик футболчи Бедел ўзининг ҳисобига гол ёздириб қўйди. Ўйин мана шу йўсинда кетаётган бир паллада бош ҳакам викинглар фойдасига пеналти қўйиб берди. Сигурдссон ҳисобни тенглаштирди. Энди яна битта гол уриш пайида олдинга ташланган исландияликлар иккинчи бўлимнинг охирида Перишичнинг аниқ ҳаракатлари эвазига ўз дарвозаларидан тўп олиб чиқди. Бу ҳисоб бошқа ўзгармади. Хорватлар кейинги босқичга чиқишди.
Нимчорак финалда тўқнаш келувчи навбатдаги жамоалар:
Франция – Аргентина
Дания – Хорватия
Шоҳрух Нўъмонов, ЎзА