Бўлажак журналистлар оғзаки имтиҳон орқали ҳам сараланади

Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Васийлик кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Васийлик кенгаши аъзолари, республика оммавий ахборот воситалари раҳбарлари, устоз журналистлар, профессор-ўқитувчилар ва ёш тадқиқотчилар қатнашди.
Дастлаб янги университет учун ажратилган бинонинг ҳолати, ташкилий муаммолар билан яқиндан танишилди. Учрашувда университет ректори Ш.Қудратхўжаев қабул жараёни, ўқув йили режалари, университет олдида турган вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди ва университет Васийлик кенгаши таркиби тузилди.
Йиғилишда асосий эътибор Васийлик кенгаши олдида турган вазифалар, ўқув-режалар, бинони таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари, университет логотипи муҳокамаси ва моддий-техника базани яхшилаш масалаларига қаратилди.
– Халқимизда маслаҳатли ош тарқамас, деган гап бор. Бугунги Васийлик кенгаши аъзоларининг бир жойга тўпланиши биз учун кўп масалаларда маслаҳат олишга имкон берди, – дейди университет ректори Ш.Қудратхўжаев. – Университет ташкил этилганига бор-йўғи бир ой бўлди. Олдимизда ўқув жараёнини ташкил этиш, янги дарсликлар таржимаси, амалиёт режаларини ишлаб чиқиш каби ечимини кутаётган бир қатор масалалар турибди. Шунинг учун биз бугун амалиётчиларни ижтимоий тармоқлар орқали очиқ таклиф қилдик. Улар бизга кўплаб таклифлар берди. Амалиёт билан уйғунликда билим оладиган талабаларимиз ўзларига билдирилган ишончни оқлайди, деган умиддамиз.
Йиғилишда таъкидланганидек, янги университетга қизиқиш анчайин юқори бўлиб, бу йил ижодий имтиҳоннинг дастлабки босқичи оғзаки тарзда бўлади. Уларга асосий баҳо соҳа мутахассислари томонидан берилади. Навбатдаги босқичда абитуриентларнинг танланган мавзу бўйича ёзма ижодий салоҳияти синовдан ўтказилади. Жорий йил университетнинг бакалавр босқичига 100, магистратура босқичига 30, сиртқи бўлимга 30 нафар талаба қабул қилиниши мўлжалланмоқда.

 

Инобат Аҳатова, ЎзА