26 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда Ҳаракатлар стратегияси асосида ижтимоий ҳамда иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар изчиллиги таъминланиши учун ҳуқуқий асослар яратишга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.
Депутатлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси томонидан Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар билан ишлаб чиқилган ва жорий йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида қабул қилинган “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясининг мазмун-моҳиятига тўхталдилар. Мазкур тарихий ҳужжатнинг қабул қилинганлиги 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббуснинг амалий ижроси эканлиги мамнуният билан қайд этилди.
Шу билан бирга, ҳужжат ҳамкорликда умумий муаммоларни ҳал қилиш, минтақамизнинг тараққиёти ва унинг кўп миллионли аҳолиси фаровонлигини таъминлашга қодир яхлит, бирлашган минтақа сифатида шаклланишида муҳим босқич бўлиб хизмат қилиши депутатлар томонидан алоҳида таъкидланди. Шунингдек, мазкур ҳужжат Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини оширишга хизмат қилиши қайд этилиб, сиёсий партиялар фракциялари, депутатлар жойларда унинг аҳамиятини тарғиб қилишга келишиб олдилар.
Шундан сўнг депутатлар мажлис кун тартибига киритилган масалаларни кўриб чиқишга киришдилар. Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, амалдаги тизимни янада такомиллаштиришга қаратилган, шунингдек, соҳага оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни назарда тутувчи қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳасида мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини амалиётга самарали татбиқ этиш механизмлари кўзда тутилган. Жумладан, тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатувчи “ягона дарча” тизими қайта ташкил этилганлиги боис қонунда “Давлат хизматлари марказлари” мақоми ва ваколатлари мустаҳкамланмоқда.
Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларига, аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида кенг қулайликлар яратишга, “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилининг ҳаётий ифодасини таъминлашда муҳим омил бўлиши депутатлар томонидан алоҳида қайд этиб ўтилди.
Тадбиркорлик субъектларининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш мақсадида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритишни кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам депутатларнинг қизғин баҳс-мунозараларига сабаб бўлди.
Қонун лойиҳаси билан хусусий мулк ҳуқуқини, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини текшириш ва молия-хўжалик фаолиятини тафтиш қилиш тартибини, лицензиялаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини ва рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш, тадбиркорлик субъектларини ҳомийлик қилишга ва бошқа тадбирларга мажбурий жалб этиш ҳамда тадбиркорлик субъектларидан қонун ҳужжатларини бузган ҳолда ҳужжатлар талаб қилиб олиш, умуман, қонуний тадбиркорлик фаолиятига аралашганлик учун жавобгарликни кучайтириш белгиланмоқда.
Депутатлар томонидан мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатда ишбилармонлик муҳити янада яхшиланишига, иқтисодиёт тармоқларига инвестициялар жалб этишни фаоллаштиришга, пировардида, халқимиз фаровонлигини таъминлашга имкон бериши айтиб ўтилди.
Кун тартибидан ўрин олган навбатдаги қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 23 мартдаги “Банк хизматлари оммабоплигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш юзасидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга асосан “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Микромолиялаш тўғрисида”ги ҳамда “Микрокредит ташкилотлари тўғрисида”ги қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Қайд этиб ўтилганидек, мазкур қонун лойиҳаси билан микромолиялаш хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар фаолиятини такомиллаштириш ва истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, шу жумладан, микромолиялаш хизматлари бўйича тўловларни асоссиз равишда оширишга йўл қўймаслик бўйича меъёрларни жорий қилиш назарда тутилган.
Депутатларнинг мулоҳазасига кўра, киритилаётган ушбу қоидалар микромолиявий хизматлар истеъмолчилар зиммасига тушадиган қарз юкини камайтириб, тўлов қобилиятини яхшилайди ҳамда ижтимоий ҳимоясини кучайтиришда муҳим роль ўйнайди.
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда муҳокама қилдилар.
Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи ва озиқ-овқат хавфсизлиги таъминланиши устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифаларни хаётга татбиқ этишга қаратилган қонун лойиҳасини ҳам қабул қилдилар. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва улардан олинган маҳсулотлардан фойдаланиш тартибини бузганлик, шунингдек, Инспекциянинг қонуний талабларини бажармаганлик ва улар фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди. Бундан ташқари, бир қатор қонунларга мазкур Инспекциянинг ваколатларини белгиловчи нормалар киритилди.
Мажлисда, шунингдек, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ваколатига тааллуқли бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси
Ахборот хизмати