Марказий Осиё ёшлар форуми - минтақамиз ёшларини бирлаштирувчи ҳудуд

Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 26-30-июнь кунлари Ўзбекистонда илк маротаба Марказий Осиё ёшлар форуми ўтказилади. Қардош халқлар ёшларини бирлаштирувчи мазкур форумни ўтказишдан мақсад, Марказий Осиё мамлакатлари ёшлари билан ҳамкорликда ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳалар ва дастурларни амалга оширишдир.
Ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ахборот хизматининг хабар беришича, тадбирда Ўзбекистон Республикаси делегацияси аъзолари, жумладан, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, Қозоғистоннинг «Жас отан» ёшлар қаноти ва «Нур отан» партияси, Қирғизистоннинг Давлат ёшлари, жисмоний тарбия ва спорт соҳаси агентлиги, Тожикистоннинг Республика Ҳукумати Ёшлар ва спорт қўмитаси ҳамда Туркманистоннинг спорт ва ёшлар сиёсати вазирлиги ва Махтумқули номидаги Туркманистон ёшлар ташкилоти кенгаши вакиллари ўзаро тажриба алмашишади.
Форум доирасида ёшлар ҳаётига бағишланган кўплаб мавзуларда анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган. Жумладан, “Фан ва таълимни ривожлантиришда ёшларнинг ўрни”, “Марказий Осиё минтақасидаги маданий ҳамкорлик”, “Ёшлар туризми Марказий Осиё тараққиётининг асосий омили ҳисобланади”, “Терроризмга олиб келувчи тажовузкор экстремизм ва радикализмнинг олдини олиш ҳамда уларга қарши курашишда ёшларнинг роли” каби мавзуларда Марказий Осиёнинг фаол ёшлари ўртасида давра суҳбатлари ўтказилади.
Тантанали тадбирга ташриф буюрган қардош халқлар ёшлари учун махсус Ёшлар симфоник оркестрининг Маданият марказлари делегацияси вакиллари билан биргаликдаги чироқли мусиқий «3Д маппинг» намойиш этилади. Марказий Осиё ёшлар форуми якунида мамлакатлар ўртасида «Қўшма ҳамкорлик 2019-2021» меморандумини имзолаш режалаштирилмоқда. Ёшлар форуми, минтақамиз ёшлари учун мулоқот майдонига ва мамлакатлараро муносабатларни ривожлантириш учун платформага айланиши кутилмоқда.

 

ЎзА