“Томорқа хизмати” корхоналарига қандай фоизда кредитлар ажратилади?

Айни пайтда мазкур корхоналар 1 минг 635 маҳаллада истиқомат қилаётган 1 миллион 234 мингдан зиёд хонадонга хизмат кўрсатмоқда.
Оддий аҳолини тадбиркор қилиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар туфайли кўплаб юртдошларимизнинг ишбилармон бўлиш орзулари ушалмоқда. Айниқса, мамлакатимизда бизнес фаолиятини бошлаш истагидагилар ташаббуси ҳар томонлама қўллаб-қувватланиб, ишбилармонларга қўшимча имтиёз ва енгилликлар берилмоқда.
Хусусий тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, аҳолининг банкка бўлган ишончини юксалтириш ҳамда янги иш ўринлари яратишда “Агробанк” акциядорлик тижорат банки ҳам фаол иштирок этмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига тадбиркорлик субъектларига 674 миллиард сўм миқдорида микрокредитлар ажратилди. Шунингдек, тадбиркор аёлларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга 72 миллиард сўм кредитлар берилди. Бундан ташқари, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш учун 315 миллиард сўмдан истеъмол, автокредит ва овердрафт кредитлари ажратилди.
IMG_9368.JPG
Энг муҳими, банк ҳудудларда аҳолига томорқа хизматлари кўрсатишни кенгайтириш мақсадида “Томорқа хизмати” корхоналарига кредитлар ажратмоқда. Шу боис “Томорқа хизмати” масъулияти чекланган жамиятларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига турли хизматлар кўрсатиш, жумладан, уруғ, кўчат ва дарахтлар экиш, иссиқхоналар қуриш, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа тармоқларни ривожлантиришлари учун Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши қошида ташкил этилган жамғарма ҳисобидан 50 миллиард сўм миқдорида кредитларни йиллик 7-14 фоиз билан имтиёзли шартларда ажратиш кўзда тутилган.
Шу кунга қадар “Агробанк” филиаллари орқали ҳисобрақам очган элликдан зиёд “Томорқа хизмати” корхонаси 1 минг 635 маҳаллада истиқомат қилаётган 1 миллион 234 мингдан зиёд хонадонга хизмат кўрсатмоқда.
“Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳам банкда қатор юмушлар бажарилмоқда. Жумладан, қарорда белгиланганидек, тижорат банклари оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг 150 бараваригача миқдордаги имтиёзли кредитни ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар раҳбарлари ва маҳалла фуқаролар йиғини тавсияномалари асосида ажратмоқда.
“Агробанк”да ана шу мақсадлар учун жорий йилда 146 миллиард сўм кредит ажратиш режалаштирилган. Ҳозирда Андижон ва Фарғона вилоятларида кредит бериш ишлари бошлаб юборилди.

 

ЎзА