Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Франциянинг оммавий ахборот воситаларини  ривожлантириш агентлиги (CFI), АОКА, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ва бошқа мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида 6-8 май кунлари Тошкент шаҳридаги «Panarams»  отелида илк бор Минтақавий форум ўтказилмоқда.

Форумда Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Франция каби давлатларидан 120 нафар иштирокчи, 40 нафар спикер, шу жумладан, журналистлар, медиа-ташкилотлар вакиллари, медиа-экспертлар, мутасадди давлат органлари масъуллари, шунингдек, таниқли медиа ходимлари, мутахассислар иштирок этмоқда.

Унинг очилиши маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов, Франциянинг Ўзбекистондаги элчиси Орелия Бушез хоним, CFI бош директори Тьерри Валлат, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори, профессор Шерзодхўжа Қудратхўжа, Франциянинг Аудиовизуал ҳамкорлик бўйича минтақавий атташеси Эммануэл Фосийонлар сўзга чиқиб, ушбу тадбирнинг аҳамияти ҳақида батафсил тўхталдилар.

Эътироф этилганидек, минтақамизда илк бор ўтказилаётган ҳамда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Франция мутахассислари ва экспертларини тўплаган форум дезинформация, медиасаводхонлик, журналистика этикаси, оммавий ахборот воситаларини рақамлаштириш ва молиялаштириш каби бугунги тез ўзгариб бораётган дунёда муҳим аҳамиятга эга масалалар муҳокамасига бағишланган.

Уч кун давом этадиган Форум доирасидаги тадбирларда дезинформацияга қарши кураш, журналист этикаси, медиасаводхонлик, журналистиканинг замонавий таҳдидлари, журналистлар ва ахборот хавфсизлиги, аудиторияни кенгайтириш мезонлари, ОАВ учун рақамли стратегия, сунъий интеллект ва фейк хабарларни олдини олиш ва бошқа кўплаб долзарб мавзуларда бевосита суҳбат, мулоқот, савол-жавоблар бўлиб ўтади.

Шунингдек, Форумда Марказий Осиё экспертлари дезинформациялар оқими кучайиб бориши фонида журналистикага бўлган ишончни тиклаш, журналистлар ҳимоясининг қонуний асослари, бу борадаги бўшлиқлар ва камчиликлар, мавжуд муаммоларга ечим излашнинг имкониятлари, интернет орқали тазйиқлар, босимлар, ҳақорат ва таҳдидларни камайтиришнинг ҳуқуқий чоралари тўғрисида ҳам таҳлилий далиллар келтириб, мамлакатларида самара кўрсатаётган амалий тажрибалар билан ўртоқлашади.

Н.Усмонова, ЎзА