Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилганлигининг 1 йиллиги муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда республикамизда фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар раҳбарлари, дўстлик жамияти аъзолари, турли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда журналистлар иштирок этди.
Қўмита раиси Р.Қурбонов ва бошқалар давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири миллатлараро дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, мамлакатимиз фуқаролари учун тенг шароит ва имкониятлар яратишдан иборат эканини таъкидлади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 130 дан ортиқ турли миллат ва элат вакиллари аҳил-иноқ истиқомат қилмоқда. Президентимизнинг 2017 йил 19 майдаги «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони билан ташкил этилган Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси республикамиздаги 138 миллий маданий марказ, 34 дўстлик жамияти фаолиятини мувофиқлаштириб, юртимиздаги барча миллатлар ва элатларнинг тарихи, маданияти, маънавий қадриятлари, анъана ва урф-одатларини асраш ва ҳар томонлама ривожлантириш асосида жамият ва давлатни ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Матбуот анжуманида ўтган вақт оралиғида қўмита томонидан олиб борилган ишлар ва галдаги вазифалар ҳақида маълумот берилди. Бугун қўмита «Халқ дипломатияси» механизмидан фойдаланган ҳолда, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан муносабатларни йўлга қўйиш борасида тизимли ишлар олиб бормоқда. Ўтган вақт давомида қўмита томонидан миллий маданий марказлар ва дўстлик жамиятлари билан бирга олти юзга яқин тадбирлар ўтказилди.
Миллий маданий марказлар жамоат бирлашмаси сифатида турли миллатларнинг ўзига хос маданиятини ривожлантириш ва тарғиб қилиш билан бирга, ёшлар ўртасида тарбиявий ишларни ҳам олиб бормоқда. Навқирон авлод қалбида турли халқларнинг маданияти ва урф-одатига ҳурмат туйғусини шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирлари мунтазам ўтказилмоқда.
Анжуманда қўмита фаолиятига доир масалалар юзасидан фикр-мулоҳазалар, таклиф ва тавсиялар бидирилди.

 

Гўзал Сатторова, ЎзА