АҚШ Президенти Жо Байденнинг кўплаб Осиё мамлакатларига нисбатан “ксенофобия” сўзини қўллаганига муносабат билдирган Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Субраманям Жайшанкар ўз мамлакати бошқа жамият вакиллари учун доим “очиқ” бўлганини айтди. Бу ҳақда “Hindustan Times” нашри ёзди.

– Бизда айни муаммога дуч келган одамлар учун эшикларни очадиган CАА (Фуқароликни ўзгартириш тўғрисидаги қонун) бор, – деди у ОАВ вакилларига берган интервьюсида. – Менимча, биз Ҳиндистонга келишга интилаётган даъвогарлар учун очиқ бўлишимиз керак.

Ҳафта бошида АҚШ етакчиси Ҳиндистон ва бошқа мамлакатлар иқтисодиёти ксенофобия туфайли турғунлашгани, Қўшма Штатлар эса иқтисодий жиҳатдан яхши ишлаётганини айтган:

– Нега? Биз муҳожирларни қўллаб-қувватлаймиз. Нега Хитой иқтисодий жиҳатдан ўсишдан тўхтаб қолди? Нима учун Япония муаммога дуч келмоқда? Нима учун Россия? Нима учун Ҳиндистон? Сабаби, бу давлатлар ксенофобик, муҳожирларни АҚШ президентичалик хушламайдилар.

Жайшанкар эса мамлакати иқтисодиёти сустлашмаганини эълон қилди.

– Ҳиндистон ҳар доим ташқи олам учун жозибадор кўринган, – деди у. – Ҳақиқатан, дунё тарихида бу ўлка жуда очиқ. Диёримизга турли жамиятлардан турфа одамлар келади. Бизнинг қонунларимиз Ҳиндистон ҳаммага хушмуомалалик билан ёндашишини кўрсатади.

CАА ҳужжати Покистон, Афғонистон ва Бангладешдан келган мусулмон бўлмаган қочқинлар Ҳиндистон фуқаролигини олишини осонлаштиради.

Мамлакатдаги ҳукмрон Бҳаратия Жаната партияси эса ҳукуматни сиёсий манфаат учун жамоатчиликни чалғитишда айбламоқда.

Бир неча мухолиф партия вакиллари, жумладан Ғарбий Бенгалия Бош вазири Мамата Банержи қонунни қўллашдан бош тортиб, бекор қилишга ҳам ваъда берди.

Байденнинг гапи жанжалга сабаб бўлгач, Оқ уй маъмурияти барча иттифоқчилари ва шерикларини ҳурмат қилишини билдирди.

– Шубҳасиз, биз Ҳиндистон билан ҳам, Япония билан ҳам мустаҳкам муносабатга эгамиз, – деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан Пьер, – Сўнгги уч йилга назар ташласак, АҚШ раҳбари ушбу давлатлар билан дипломатик муносабатга жиддий эътибор қаратиб келаётганини кўриш мумкин.