Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабалар эътиборида

Тошкент давлат иқтисодиёт университетида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини олий таълим муассасалари жамоасига етказиш ва тарғиб қилиш масалалари” мавзусида конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Президентимизнинг 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган тадбирда Адлия вазирлиги, Республика Маънавият ва маърифат маркази ходимлари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари, тадқиқотчи ҳамда психологлар иштирок этди.
Конференцияда талаба-ёшлар ўртасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни кенг тарғиб қилиш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлил этилди. Бу борадаги мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишда малакали мутахассисларни жалб этиш лозимлиги хусусида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
– Олий таълим муассасаларида таълим сифатини тубдан такомиллаштириш, ёшларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш зарур, – дейди Тошкент ахборот технологиялари университети доценти Б.Бобоёров. – Тадбирда ёшларга норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини ўз вақтида етказиш ва самарали тарғиб қилиш, “Ахборот ва мураббийлик соати”ни мазмунли ўтказишнинг илғор усулларини жорий этиш юзасидан амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.
Конференцияда жорий ўқув йилини якунлаш ва янги ўқув йилига тайёргарлик ишларини самарали олиб борилишда бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

 

А.Мусаев, ЎзА