Пауль Хейзе

Шундай замонлар келадики, техника инсонни енгади. Биргина тугмачага инсон юрагини бахшида этади-ю, ўша қурилма кимнингдир қалбига йўл кўрсатади. 

Муаллифдан

 

Отто чанг ва файзсиз кўчадан уйи томон борар экан, йўлида кимни кўрса қўлидаги граммофонини мақтангиси келарди. Уддаласа ёки олдидан ўтаётганларнинг диққатини торта олса, албатта, граммофоннинг нархи, ишлаши ўзгачалиги, сифати ҳақида уларни бохабар қилиб қўярди. Мана, яна қўшниси Александрга мақтаняпти. Савдогар айтганидек, арзимаган маркага шундай ноёб мўъжизани сотиб олди-да ахир.
– Рост. Бу граммофон асл нусха. Қолаверса, шунчалар аслки, ҳатто мен қариб-чуриб, овозим тинса ҳам бунинг овози ўчмайди. Яна бу сенинг кайфиятингга қараб куйлайди. Эрталаб руҳингни кўтарадиган ўртача сокинликдаги куй, тушда шўх, кечда оромбахш, майин ва дилтортар мусиқа янграйди. Ҳатто яхшилаб қулоқларини бураб, қора ликопчани айлантириб қўйсанг, сенинг ярминг бўлиб бирга яшайди. Ухлатиб, уйғотади. Бунинг ишлаш амали ҳақида гапирсам, умуман бузилмайди. Агар узоқроқда туриб, уни ўчиришни хоҳласанг-у бориб, ўчиргинг келмаса, “ ўч” десанг, ўзи ўчиб ҳам қўяверади. Нархи ҳам ҳамёнбоб. Қирқ беш марка.
– Қўйсанг-чи? – дейди хуноб бўлган Александр пичинг аралаш табассум билан. – Ҳеч бир замонда техниканинг ҳам шунчалик ажабтовур ҳунарлари бўладими? Ўзи арзимаган пулга олгансан, намунча оғзингнинг таноби қочмаса?
Отто саволларга жавоб бермасди. Йўлига равона бўлиб, матоҳини мақташда давом этарди. Биринчи куннинг ўзида ўнлаб, юзлаб киши унинг янги граммофон олганидан хабардор бўлди. Аввалига Оттонинг гапларини жон қулоғи билан эшитишди, сўнг эса бу одатий ҳолга айлангач, “оламшумул” гапларидан барча безиди. Буни қарангки, одамлар ҳатто унинг сўзларидан зерикиб, эшитмай қўйишди. Аммо Оттонинг бахтига яхшиям шу граммофон бор экан. Йўқса, анча ёлғизланиб қоларди.
Аммо граммофон ҳам ўлганнинг устига тепгандек, сирли равишда бузилиб қолди. Мана шундан бошланди барча кўнгилсизликлар. Отто ҳар кун тинмасдан граммофонни қўлтиқлаганча дўкон томон ошиқарди. Ваҳоланки, матоҳининг нобоблиги ҳақида ҳеч кимга оғиз очмасди. У камгап бўлиб қолди, ўзига ярашиб турадиган табассуми ҳам йўқолди. Шундайин кайфияти ҳам бир алфозда. Ранги ўчиб, тезда ҳорғинлашди. Бечора.
Кўп қатнайверганидан дўкон эгаси ҳам унинг ҳолатидан ҳайратга туша бошлади. Аввалига граммофонни ўзи бузган, энди алмаштиришнинг иложи йўқ, деган қарорини ўзгартириб, унга ёнбоса бошлади. “Хоҳласанг янгисини ол, арзонроқ бераман” деди иддао билан. Бу Оттонинг ҳолини янада хароб қилди. Барибир Оттонинг тинимсиз овора бўлиб, дўконга келиб-кетиши, боз устига соғлиғининг ёмонлашагани савдогарнинг кўнглини юмшатди. Жўмардлиги тутиб, эски граммофонни янги патефонга алмаштириб берди. Оттонинг тезда ранги-рўйи жойига келди. Патефонни шу қадар авайлаб уйига олиб кетдики, йўлда ҳеч кимга у ҳақда оғиз очмади. Уни кўрмаган, кузатмаган инсонга бу ҳолатни сўз билан тушунтириш мушкул. Тезда Оттонинг уйидан яна мусиқа овозлари янграй бошлади. Ҳаёт гўзаллашиб, кун янада ойдинлашди. Оттонинг рангига ранг югура бошлади. Унинг ҳолатидан қўшнилар ҳам мамнун бўлди. Янги патефон шу даражада яхши ишлардики, уни таърифлашга тил ожиз эди. Худдики, унда қандайдир англаб бўлмас сир бор эди. Аммо оғзи куйганидан патефон ҳақида ҳеч кимга мақтанмади.
Ойлар, йиллар ўтди. Патефон эскирмади. Шу даражада ноёб ускуна чиқдики, Оттонинг ўзи унинг техника эканлигига шубҳалана бошлади. Бу жараёндан қўшнилар ҳам мамнун бўлди. Ҳаёт эса тизгинсиз ўтаверар, вақт эса инсониятнинг имкониятларини чеклаб борарди. Ожиз банда ўзи учун келажакдан илинж ва ўтинч истаб, умрини узайтиришни сўрарди. Отто ҳам ана шу кишилардан бири эди.
Аммо умр абадий, яшамоқ боқий эмас. Оттонинг вафотидан сўнг патефон борлиқда инсоний бахт ва бахтсизлик, нуқсон ҳамда камчиликлар ҳақида тинимсиз куйлашда давом этарди. Бесабаб ажрим, фарзандсизлик, ночор ҳаётга кўниколмаган иродасиз аёл, ақлли эрга эмас, дабдабали қасрга интилган жувон, бокиралигини йўқотган қиз, меҳрсиз она, ароққа ғарқ бўлган эркак, хотинига эмас, ўзгага кўнгил боғлаган эр. Минг афсуски, Отто эллик уч йиллик умрида англамаган синоатлар, тушуниб тан олиб бўлмайдиган қўшиқлар эди барчаси. Бугун Отто йўқ, юраксиз совуқ ускуна эса минглаб қалбларни жоду қилишда давом этмоқда. Унинг хиргойисига маҳлиё бўлишаяпти, аммо камчиликларини тан ололмаяпти.

 

Немис тилидан Дилобар Аслиддин қизи таржимаси