Садриддин Айний номидаги Тожикистон давлат педагогика университети ва Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди, деб ёзди “Ховар” агентлиги.

Ушбу ҳужжат талабалар, олимлар ўртасида маълумот ва тажриба алмашишни янада соддалаштириш имконини беради.

***

Шотландиянинг биринчи вазири, Миллий партия етакчиси Ҳамза Юсуф истеъфога чиқишини маълум қилди.

“The Times” газетаси ёзишича, мазкур фракция яшиллар партияси билан коалициядан чиқиб, маҳаллий парламентда кўп ўрнини йўқотган.

Покистонлик муҳожирнинг фарзанди, 38 ёшли Ҳамза Юсуф 2023 йил март ойида Шотландия биринчи вазири лавозимига сайланган эди. У фаластинликлар тарафини олиб танилган. Юусуфнинг фаластинлик қайнота ва қайнонаси Ғазо секторига қариндошларини кўргани бориб, ҳамон уруш ҳудудидан чиқиб кетолгани йўқ.

***

Хитойнинг Хуажун фан ва технологиялар университети олимлари атроф-муҳит ва инсоннинг руҳий ҳолати орасида бевосита боғлиқлик мавжудлигини аниқлашди. Тадқиқот кўрсатдики, яшил ҳудуд инсондаги сиқилиш ва хавотир даражасини пасайтиради, дейилади “Nature Mental Health” нашри эълон қилган мақолада.

Шунингдек, қулай экологик ҳолат ва тоза ҳаво ҳам одамга ижобий таъсир кўрсатади.

***

Россия Федерациясининг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Элчининг қўлига Россияда мамлакат фуқаролари ҳуқуқи бузилаётгани муносабати билан нота тутқазилди. ТАСС агентлиги ёзишича, ҳужжатда РФ ҳудудида Тожикистон Республикаси фуқароларига нисбатан салбий муносабат кўпайгани, ҳамма жойда уларнинг ҳуқуқи ва эркинлиги бузилаётгани боис жиддий ташвиш билдирилган. Бундай ҳаракат фақат Тожикистон фуқароларига нисбатан қўлланилаётгани ва Тожикистон – Россия муносабати  руҳи, анъаналарига  мос эмаслиги таъкидланган.

***

2024 йил март ойида Ер юзасида ҳарорат меъёрдан кўтарилган. Иқлимшунослар умид билдиришича, ушбу кескин ҳолат ёзда барқарорлашади.

Глобал исиш – Ерда ўртача ҳарорат кўтарилиши билан боғлиқ. Ушбу салбий ҳолат, асосан, инсон фаолияти сабаб юзага чиқмоқда. Глобал исиш XIX аср охирида бошланган ва ҳозир ҳам давом этяпти. Агар жараён тўхтамаса, сайёрамиз оғир оқибатни бошидан кечиришига тўғри келади. Натижада соҳил бўйи шаҳарларининг бир қисми сув остида қолади, очарчилик кучаяди, ҳаётий муҳим захира учун кураш бошланади.

Шу сабабли иқлим исишига қарши кураш юз йилликнинг асосий муаммосига айланади, дейди олимлар.

***

АҚШ ва Европа Украина ҳарбий, иқтисодий жиҳатдан кучли мамлакатга айланишини хоҳлайди, деди Давлат котиби Энтони Блинкен.

– Европада альянсимиз бор, аввалгидан ҳам кучли ва мустаҳкам, – деди Блинкен Саудия Арабистонида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форумида. – Ўйлашимча, Украина вақти келиб муваффақиятга эришади, ҳарбий, иқтисодий ва демократик нуқтаи назардан кучли мамлакат бўла олади.

***

Туркия НАТО Бош котиби лавозимига Нидерландия Бош вазири вазифасини бажарувчи Марк Рютте номзодини қўллаб-қувватлашини маълум қилди.

Anadolu” дипломатик манбаларга таяниб ёзишича, Анқара ушбу номзод 26 апрель куни Истанбулда Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған билан учрашгандан сўнг шундай қарорга келганини иттифоқчиларига етказган.

Ҳозирги Бош котиб Йенс Столтенбергнинг ваколати 1 октябрда тугайди.

***

Қозоғистон ҳукумати Олма-Отада Арманистон ва Озарбайжон ташқи ишлар вазирлари Арарат Мирзоян ва Жайхун Байрамов учрашувини ташкил этади, бироқ музокарада воситачи бўлмайди. Қўшни мамлакат ТИВ расмий вакили Ойбек Смадияров учрашув олдидан уюштирилган брифингда шундай деган.

***

Хитой етакчиси май ойи бошида Европанинг уч мамлакатига боради, деди ХХР Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Хуа Чуньин.

– Франция Президенти Эммануэль Макрон, Сербия Президенти Александр Вучич, Венгрия Президенти Тамаш Шуйок ҳамда Бош вазири Виктор Орбан таклифига биноан, Раис Си Цзиньпин 5-10 май кунлари ушбу юртларга давлат ташрифини амалга оширади, – дейилган баёнотда.

***

Непал ҳукумати дунёнинг энг баланд чўққиси – Эверест қоясида тўпланиб қолган чиқиндини йиғиштириб олиш учун учувчисиз учар қурилмадан фойдаланмоқчи. “The Himalayan Times” газетаси ёзишича, юк ташувчи дронларни синаб кўриш аллақачон бошланган.

Тоғ тизмасини чиқиндидан тозалашда 30 килограмм юк кўтара оладиган “DJI FlyCart-30” дрони иштирок этади.

***

Дубай ҳукумати Ол-Мактум халқаро аэропорти янги йўловчи терминали қурилишига 128 миллиард дирҳам – 34,8 миллиард доллар ажратади. Бу ҳақда Амирлик ҳукмдори, БАА Бош вазири шайх Муҳаммад бин Рашид Ол Мактум маълум қилди.

Таъкидланишича, аэропорт йилига 260 миллион йўловчига хизмат кўрсатадиган дунёдаги энг йирик ҳаво қўналғасига айланади. Режага кўра, замонавий транспорт хабига 400 ҳаво кемаси жойлашади, бешта ёндош учиш-қўниш йўлаги ётқизилади. Мажмуа ҳозирги ҳудудидан беш баробар катта бўлади.

***

Германия канцлери Олаф Шольц ГФР 2040 йил ёзги Олимпия ўйинларини қабул қилиши тўғрисидаги аризага ижобий муносабат билдирди. “Table.Media” портали ёзишича, Олимпиада айнан қайси шаҳарда бўлиши ҳозирча номаълум. Яқинда ушбу энг йирик халқаро спорт анжуманини ўтказишга Рейн-Рур минтақаси ва Берлин шаҳри қизиқиш билдирганди.

Олимпия ўйинлари 2024 йил Парижда, 2028 йил Лос-Анжелесда, 2032 йил эса Брисбен (Австралия)да ўтиши белгиланган.

С.Раҳимов, ЎзА