Смородина – халқ тилида “қорағат” деб номланган ушбу ўсимлик юртимизда кенг тарқалган бўлиб, асосан кичик хўжаликларда етиштириб келинади. Бироқ, Ўзбекистонда унинг саноат боғлари жуда кичик майдонни ташкил этади ва кўплаб турлари ҳамон назарий жиҳатдан чуқур ўрганилмаган. Дунё бўйича бугунги кунда ушбу резавор ўсимлик мевасини етиштириш ҳажми қарийб 650 230 тоннани ташкил этмоқда. Маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича Россия, Польша, Украина, Англия ва Дания етакчилик қилиб келади.

Смородинанинг шифобахшлиги, халқ орасида кўп истеъмол қилиниши ва товарбоплиги учун ушбу ўсимликни республика тупроқ-иқлими шароитида ўрганиш ва унинг саноат плантацияларини яратиш  масаласи бугунги кунда ҳар қачонгиданда долзарб аҳамиятга эга. Бу борада Тошкент Давлат Аграр университети ёш олимаси, қишлоқ хўжалиги фанлари бўйича фалсафа доктори Дурдона Жанакованинг илмий изланишлари эътиборга молик.

– Смородина, яъни қорағат ўсимлиги бугунги кунда кўплаб хўжаликларда етиштирилмоқда. Илмий ишим бу ўсимликни ҳалққа танитиш, кўчатларини етиштириш, жадаллашган технологиясини яратишдан иборат, – дейди Дурдона Жанакова. – Олтинсимон смородина кўпроқ иссиққа, совуққа чидамли бўлгани учун Ўзбекистон шароитида кўпроқ етиштирилади. Олтинсимон қорағатдан ташқари қизил, қора ва оқ қарағатлар ҳам юртимизда кўплаб тарқалган. Олтинсимон қарағат кўз касалликларига даво, лекин қора турининг шифобахшлиги янада кўпроқ.

Сўнгги йилларда давлатимиз томонидан мевачиликни ривожлантириш, уларнинг ассортиментларини ҳамда экспорт ҳажмини оширишга, паст самарали боғлар ўрнида юқори даромад келтирадиган интенсив боғлар яратишга алоҳида эътибор берилмоқда. Зеро, Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича “Ҳаракатлар стратегияси”да: “Мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш” масаласи алоҳида белгилаб қўйилган. Смородина плантацияларининг яратилиши эса албатта келгусида қуёшли юртимизда етиштирилган ушбу резаворнинг дунё бозорларига чиқаришга ва маҳаллий истеъмолчиларга арзон нархларда етказиб беришга хизмат қилади.

Санжар Тошпўлатов,  

Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА