Нукус гарнизони Маънавият ва маърифат марказида “Янги Ўзбекистоннинг ибратли оиласиман!” шиори остида ташкил этилган “Ибратли ҳарбий оила” кўрик-танловининг Шимоли-ғарбий ҳарбий округ босқичи бўлиб ўтди.

Танловнинг ўтказилиши ҳарбий оилаларда миллий маданият, урф-одат ва қадриятларни асраш, оила фаровонлигини таъминлаш, ўзлари туғилиб ўсган жойларидан олисда яшаб келаётган оилаларни бирлаштиришга хизмат қилиши билан янада аҳамиятли бўлди.

Ватанимизни қўриқлашдек масъулиятли вазифани шараф билан адо этиб келаётган юрт ҳимоячилари оилаларининг мустаҳкамлигини таъминлаш, ҳарбий оилаларда соғлом муҳитни қарор топтириш, улар ўртасида миллий қадриятларимиз, анъана ва урф-одатларимизни кенг тарғиб этиш, олис гарнизонларда яшаши учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

Қизиқарли ва файзли ўтган танлов касбий билимлар ва ютуқларга, ижодий салоҳиятга, юксак интеллектуал қобилиятлар ва ахлоқий фазилатларга эга бўлган, энг асосийси, Ватан ҳимоясида кўксини қалқон қилиб турган мард ва жасур инсонлардан энг намунали ҳарбий оилаларни аниқлаш имконини берди. Нукус ва Урганч гарнизонларидан жами тўрт нафар ҳарбий хизматчининг оилалари “Ош чемпионати”, “Оилам – менинг бахтим”, “Биз эпчил, биз чаққон”, “Мусиқий композиция”, “Мозаика йиғиш” ва “Куч бирликда” шартларида соғлом рақобат муҳити остида беллашиб, чин маънода ибратли оилалар эканлигини намойиш этди.

Кўрик-танлов “Ош чемпионати”дан бошланиб, миллий таомимиз тўрт қозонда хоразмча, самарқандча, андижонча ва наманганча усулда тайёрланди. Табиат қўйнида ўтказилган бу шартда оилаларнинг бирдамлиги, пазандалик маҳорати, бир-бирига кўмакдош бўлиб ҳаракат қилгани, миллий таомни тайёрлашда ўзгача усуллари ҳайъат аъзоларида катта таассурот қолдирди.

“Оилам – менинг бахтим” деб номланган шартда ҳарбий оилалар миллий рақс, қўшиқ, шеър, халқ ўйинлари орқали ҳар томонлама соғлом, намунали ҳарбий оиланинг жиҳатларини ҳамда эришган ютуқларини намойиш этди. Оилалар ҳар бир шартга ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг миллий урф-одатлари ва анъаналари, куй ва қўшиқлари уйғунлигида тайёргарлик кўрган бўлиб, шу орқали узоқ асрлардан буён сақланиб келинаётган қадриятларимизга юксак эҳтиромини кўрсатди. “Биз эпчил, биз чаққон” ,“Мусиқий композиция”, “Мозаика йиғиш” ва “Куч бирликда” деб номланган шартларда жамоанинг ҳар бир аъзоси берилган вақт оралиғида қўйилган топшириқларни бажаришга ҳаракат қилиб, ҳамжиҳатликда ҳаракатларнинг амалий ифодасини намоён этди.

Ҳайъат аъзоларининг адолатли ва шаффоф баҳолаш тизими орқали Дилшод Саидаҳмедов ва Шаҳноза Болбекова оиласи шоҳсупанинг энг юқори поғонасидан жой олди. Эндиликда Дилшод Саидаҳмедов 15 май – Халқаро оила куни муносабати билан ўтказиладиган кўрик-танловнинг Мудофаа вазирлиги босқичида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ шарафини ҳимоя қилади.

Ғолиб ва совриндорлар ҳарбий округ қўмондонлигининг фахрий ёрлиқлари ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.