Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонасида «Прокуратура ходимларининг ижтимоий тармоқларда фуқаролар билан ишлаш кўникмаларини ошириш ва медиасаводхонлик масалалари» мавзусидаги тренинг ўз ишини бошлади.

ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Бош прокуратура ҳамда Ўзбекистон журналистларни қайта тайёрлаш маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда прокуратура органлари ходимлари иштирок этди.

Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари С.Ортиқова, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координаторининг лойиҳалар бўйича халқаро маслаҳатчиси С.Сизов, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази директори Г.Бобожонова давлат органлари, хусусан, прокуратура тизимида фаолият юритаётган ахборот хизматлари тизимда очиқликни таъминлаш билан бир қаторда аҳолининг ҳуқуқий билими, маданиятини оширишда муҳим ўрин тутишини қайд этди.

Соҳа ходимларининг билимини, касбий маҳоратини ошириш, уларнинг ўз фаолиятга замонавий усулларни татбиқ этиши жуда зарур.

Шу боис тренинг давомида тажрибали мутахассис ҳамда медиа-тренерлар томонидан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг фаолиятига қандай таъсир кўрсатиши, ижтимоий тармоқлар учун контент тайёрлаш технологияси: форматлар ва матн услуби, визуализация технологиялари ёрдамида материалларни бойитиш бўйича маълумот берилди.

Икки кунлик тадбир давомида оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда киберхавфсизлик муаммолари, прокуратура органлари фаолиятига оид материалларни аудитория учун қизиқарли тайёрлаш, креатив ёндашувлар ишлаб чиқиш бўйича гуруҳларда ишлаш, кибербуллинг: онлайн буллингнинг янги шакллари ва уларга қарши курашишнинг замонавий усуллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан боғлиқ ижтимоий муносабатларда эътибор қаратилиши лозим бўлган асосий қоидалар, рақамли социализация: ижтимоий тармоқларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар имижига таъсири, сунъий интеллект: ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишда янги имкониятлар ва чақириқлар каби қизғин мавзуларда маърузалар қилинади.

Қайд этиш жоизки, ҳар бир мавзуда кўтарилган масалалар юзасидан ўзаро савол-жавоб орқали иштирокчилар малакаси оширилмоқда.

Н.Абдураимова, ЎзА