Янги тадқиқотлар шуни кўрсатмоқдаки, электрон сигареталарни чеккан одамларда улардан умуман фойдаланмаганларга қараганда юрак етишмовчилигига чалиниш эҳтимоли 19 фоизга кўпдир.

Юрак етишмовчилиги – юракнинг зарур миқдордаги қон ва кислородни органлар ва тўқималарга етказиб бера олмаслиги.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Ўзбекистон ССВ томонидан бир қатор тамаки ва никотин маҳсулотлари, электрон сигареталар ва тамаки иситиш тизимларининг муомаласига тақиқ жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси эълон қилинган эди.

ССВ томонидан ишлаб қонун лойиҳасига кўра, Ўзбекистонда электрон сигареталар ва тамакини қиздириш тизимларини (IQOS) муомаласини тақиқлаш кўзда тутилмоқда. Шунингдек, ушбу маҳсулотлар муомаласини тақиқлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик белгиланмоқда.

Ҳужжатда айтилишича, мактабларнинг юқори синф ўқувчилари орасида электрон сигареталарга қизиқиш тез суръатларда ортмоқда, хусусан, 26,6 минг ўғил болалар ва 8,6 минг қиз болалар чекишга мойил.

Мактаб ва жамоат жойларида ўтказилган рейдларда ўқувчилардан олинган электрон сигареталар сони йилдан-йилга тобора ошиб бормоқда. 2019 йилда 6 та ҳолат, 2020 йилда – 27 та, 2021 йилда – 31 та, 2022 йилда – 856 та, 2023 йилда – 1040 та аниқланган.

Агар зарур чоралар кўрилмаса, келгусида ёш авлоднинг ҳар бешинчиси (20 фоиз) никотинга қарамликдан азият чекади.

М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА