Хабарингиз бор, жорий йилнинг 2 апрелида давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган қонун билан Солиқ кодексига айрим тадбиркорларга солиқ имтиёзлари беришни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.

Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришга асосан “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” давлат дастурига киритилган тадбиркорларга табақалашган миқдорларда солиқ имтиёзлари ва преференциялар тақдим этиш назарда тутилмоқда.

Солиқ қўмитасининг маълум қилишича, Солиқ кодексининг 482 ва 483-моддаларига бир қатор қўшимчалар киритилмоқда. Хусусан, 2025 йилнинг 1 январга қадар “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорлар мол-мулк ва ер солиқларини 50 фоиздан 100 фоизгача камайтирилган ставкаларда тўлайди.

Шунингдек, барча солиқларни (ҚҚС ва солиқ агентлари сифатида тўланадиган солиқлар бундан мустасно) ва божхона тўловлари бўйича таъминотсиз ва фоизсиз 3 ойдан 12 ойгача бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилмоқда.

Ушбу имтиёзлар “20 минг тадбиркор – 500 минг малакали мутахассис” дастурига киритилган тадбиркорларга улар бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда берилади.

“Ижтимоий ҳимоя ягона реестр”даги фуқаролар ишга қабул қилинганда, уларга 1 йил давомида ҳар ой 1 млн. сўмдан кам бўлмаган иш ҳақи тўлаганда, “Ижтимоий ҳимоя ягона реестр”даги фуқаролар ишчилар сонининг камида 20 фоизини ташкил этганда.

Ушбу имтиёз ва преференциялар Тошкент шаҳрида рўйхатдан ўтган тадбиркорларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Ҳисоб-китобларга кўра мазкур имтиёзлар бўйича тадбиркорлик субъектлари ихтиёрида 135 млрд. сўм маблағлар қолиши кутилмоқда. Мазкур солиқ имтиёзлари ва преференциялари 2023 йил 1 июлдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА