Жуда қизиқ савол, тўғрими?

Наҳотки, бирор ташкилотда 6 соат ишласангизу, сизга 8 соатга маош тўлашса…

Келинг бу масалага ойдинлик киритамиз. Аввало иш вақти тушунчасига таъриф берсак: Иш вақти бу:  Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт.

Иш вақтига қуйидагилар киради:

Ходим меҳнат мажбуриятларини ҳақиқатда бажарган вақт;

Меҳнат кодексида назарда тутилган вақт даврлари (ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақт, технология ҳамда ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этиш билан боғлиқ бўлган танаффуслар, болани овқатлантириш учун танаффуслар ва бошқалар), шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган бошқа вақт даврлари.

Иш вақтининг турлари қандай?

иш вақтининг нормал давомийлиги;

иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги;

тўлиқсиз иш вақти.

Иш вақтининг нормал давомийлиги

Ходим учун иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига 40 соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

Олти кунлик иш ҳафтасида ҳар кунги ишнинг муддати 7 соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида эса 8 соатдан ортиб кетмаслиги лозим. Ташкилотларда иш кунлари бўйича иш вақти давомийлигининг бошқа тартиби ҳам кўзда тутилиши мумкин. Бунда асосийси иш вақтининг ҳафтасига 40 соатдан ортиб кетмаслиги.

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги

Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга, шунингдек, меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади.

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги қуйидагиларга мажбурий тартибда белгиланади:

18 ёшга тўлмаган ходимларга;

I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга.

Ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга 

иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлган тиббиёт ходимларига, педагоглар ва бошқа тоифадаги ходимларга

3 ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига)

Тўлиқсиз иш вақти.

Меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига кўра ходимга ишга қабул қилиш чоғида ва кейинчалик тўлиқсиз иш вақти (тўлиқсиз иш куни (смена) ва (ёки) тўлиқсиз иш ҳафтаси, шу жумладан иш кунини қисмларга бўлган ҳолда) белгиланиши мумкин. Тўлиқсиз иш вақти ҳам муддати чекланмаган ҳолда, ҳам меҳнат шартномаси тарафлари келишган ҳар қандай муддатга белгиланиши мумкин.

Иш берувчи:

Меҳнат Кодексининг 398-моддасига мувофиқ ҳомиладор аёлнинг, 14 ёшгача бўлган бола (16 ёшгача бўлган ногиронлиги бўлган бола) ота-онасидан бирининг (ота-онанинг ўрнини босувчи шахснинг), шунингдек оиланинг бетоб аъзосини парваришлашни амалга ошираётган шахснинг илтимосига кўра тиббий хулосага биноан;

ногиронлиги бўлган шахснинг илтимосига кўра, агар мазкур шахс учун иш вақтини белгилаш Меҳнат Кодекси 424-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларида назарда тутилган бўлса;

Тўлиқсиз иш вақти ва қисқартирилган иш вақтининг асосий фарқи шундаки, тўлиқсиз  иш вақтида ишлайдиган ходим ишлаган ишига мутаносиб равишда иш ҳақи олади, қисқартирилган иш вақтида ишлайдиган ходим эса, кам ишлаган бўлса хам, тўлиқ иш ҳақи олади.

Хуллас,  мавзуга якун ясайдиган бўлсак, қисқартирилган иш вақтида ишлаш ҳуқуқига эга имтиёзли гуруҳга кирувчи ходимлар ҳафтасига 35 соат ишлаб 40 соатга иш ҳақи олишади. Бу 5 кунлик иш ҳафтасида кунига 6 соат эмас, 7 соат бўладику, деб ўйлаяпсизми?

Иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги мажбурий тартибда белгиланадиган ходимлар тоифасига 3 ёшгача бўлган боланинг бюджетдан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган ота-онасидан бирига (васийсига)  деган бандига эътибор қаратамиз:

Шу тоифадаги ходимларга  болани овқатлантириши учун хар 3 (уч) соатда ярим соатдан танаффус берилади. Бу танаффуслар ходимнинг хоҳишига кўра иш кунининг бошига ёки охирига кўчириб берилиши мумкин. Энди ҳисоблаб кўрингчи, 2 марта ярим соатлик танаффус иш вақтининг яна бир соат қисқаришига олиб келармикан. Ана масаланинг ечими ҳам шу ерда.

Демак, иш вақтининг 6 соатида ишлаб 8 соати учун маош олиш мумкин бўлган ходимлар – булар бюджет ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотларда ишлайдиган, 3 ёшгача фарзанди бор ота-она ёки васий экан.

Иш вақти нормаларига амал қилмаслик оқибатлари ва иш вақтидан ортиқча вақтга ишлаш қоидалари тўғрисида кейинги мақолаларимизда батафсил таништириб ўтамиз.

 

Ирода Қаҳҳорова,

юрист