Фуқаролик қонунчилигида мерос ҳуқуқи, ворислик, нолойиқ меросхўрларни меросдан четлатиш, васият бўйича ворисларнинг умумий қоидалари, меросдан мажбурий ҳисса олиш ҳуқуқи, меросни муҳофаза қилиш, эгасиз қолган мерос мулкининг тақдирини белгилаш каби кўплаб нормалар белгиланган.

Шунингдек, ворислик тушунчаси ҳам бўлиб бу ижтимоий муносабатларнинг алоҳида бир тури ҳисобланиб, мол-мулкни ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларни бир шахсдан иккинчи шахсга ўтиши билан боғлиқ. Ворислик ҳуқуқи фуқаролар вафот этганда уларнинг маълум бир ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсларга ўтиш тартибини белгилаб берувчи фуқаролик ҳуқуқий нормалар йиғиндисидан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1112-моддасига асосан, ворислик икки асосда вужудга келади. Биринчидан васият бўйича ва иккинчидан, қонун бўйича. Мулкдор ўзига тегишли бўлган хусусий мулкнинг тақдирини вафотидан сўнг унинг маълум бир шахс томонидан тасарруф қилиниши белгиланмаган ҳолларда қонун бўйича ворислик амалга оширилади.

Меросдан четлаштириш ёки мерос олишдан маҳрум қилиш фақат қонунда белгиланган асосларда ва тартибда суд томонидан ҳал қилинади. Ворислик асослари қонун бўйича ворисликда ҳам, васият бўйича ворисликда ҳам келишув мавзуси бўлиши мумкин эмас. Аммо ҳаётда ва ҳатто, суд амалиётида ҳам бундай келишувлар учраб туради.

Масалан, нотариал тартибда тасдиқланган гувоҳномага асосан бир фуқаро ўзига тегишли бўлган уй-жойни ва жамғарма банкида сақланаётган омонат маблағини ўзига тегишли улушини қонун бўйича гувоҳномага асосан олади. Гувоҳнома берилаётганда Қонунчилик асосида меросхўрлардан мерос таркибидан қатъий назар мерос улушидан воз кечиши ёки қабул қилиши кўрсатилган. Баъзи ҳолларда меросхўрлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушуниб тушунмай воз кечади. Кейинчалик мерос қолдирувчининг бошқа мол-мулкига даъво қила олмайди.

Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодекси 1148-моддасининг 2-бандига асосан “Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъий назар, воз кечишга ҳақли” деб кўрсатилган. Ушбу модданинг 4-бандида “Ушбу моддада назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди” деб кўрсатилган. Айнан шу банди ҳозирги кунда жуда кўп муаммоларни юзага келтирмоқда.

Бунинг ечими сифатида Нотариус фаолиятидаги амалиётим ва Судьялар Олий мактаби тингловчиси сифатида Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 1148-моддасининг ушбу банди қуйидагича шаклда: “Ушбу моддада назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилади, агарда меросхўр рози бўлмаса суд тартибида ҳал қилинади” деб ёзилиши жуда кўп муаммоларнинг ўз ечимини топишга ижобий фойда келтирган бўларди.

Сунбула Умарова, 

Судьялар Олий Мактаби 

Фуқаролик йўналиши тингловчиси