Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 июлдаги “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Беруний тумани Фавқулодда вазиятлар бўлимида учрашув бўлиб ўтди.
Жиноят ишлари бўйича Беруний тумани суди раиси Р.Камалова ва бошқалар коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишларга тўхталди. Жумладан, мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида коррупцияга оид жиноятлар салмоғида ўтган йилга нисбатан камайиш тенденцияси кузатилмоқда.Таҳлилларга кўра, 2023 йилда судлар томонидан кўрилган айблов ҳукми чиқарилган коррупцияга оид жиноят ишлари сони 4 минг 128 тани ташкил қилиб, 2022 йилга нисбатан 479 тага ёки 11 фоизга камайган.
Энг кўп содир этилган коррупцияга оид жиноятлар ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш – 2 минг 67 та, пора бериш – 894 та, фирибгарлик – 769 та, пора олиш – 121 та ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш – 125 тани ташкил этади.
Халқимизда касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олиш афзал деган нақл бор. Зеро коррупция келтириб чиқарадиган оқибатларини кутиб турмасдан бу иллатга оид жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш, уларга чек қўйиш мақсадга мувофиқдир. Шу боисдан ҳам тадбирда бу иллатга биргаликда курашиш, соҳа ва тармоқларда коррупцион ҳолатларни келтириб чиқараётган шарт-шароитларни ўрганиб, уларни бартараф этиш чораларини кўриш муҳим аҳамият касб этиши тушунтирилди.
Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига батафсил жавоб олди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири