Рамазон – меҳр-саховат, раҳмат ойи. Шу билан бирга Рамазон ойида эзгу амалларни кўпайтириш, муҳтожларга саховат ва меҳр-шафқат кўрсатишнинг ажри улуғдир. Бугунги муборак кунларда халқимизга хос олижаноблик ва меҳр-мурувват рамзи сифатида нуронийларимиз, ёлғиз ва эҳтиёжманд опа-сингилларимиз, ака-ука ва фарзандларимизга эътибор кўрсатиш, ҳолидан хабар олиб, дардига малҳам бўлиш, Яратганга ҳам, халқимизга ҳам, албатта, хуш келади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди ходимлари 13-14-15-16-март кунлари Қорақалпоғистон Республикасининг барча туманларида бўлиб, чекка ҳудудларда яшовчи аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, боқувчисидан айрилган, ногиронлиги бўлган оилалар ҳолидан хабар олди.

Жумладан Тўрткўл, Элликқалъа, Беруний, Амударё, Тахтакўпир, Қораўзак, Чимбой, Кегейли, Бўзатов, Мўйноқ, Қўнғирот, Қонликўл, Шуманай, Хўжайли, Тахиатош ва Нукус туманларида  300 дан ортиқ оилага 1 миллиард 500 миллион сўмлик озиқ-овқат маҳсулоти, кийим кечак, иситиш ускуналари ва болалар ўйинчоқлари хайрия қилинди.

Ушбу муборак ойда фонд ходимлари муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш, хайрли ишларда ҳамкорлик қилиш, саховатли ишларни давом эттирмоқда. Аҳоли ёрдамга муҳтож оилаларга алоҳида эътибор ва ғамхўрлик учун Президентимизга миннатдорлик билдириб, муборак Рамазон ойи юртимизга, юртдошларимизга янада аҳиллик, бирдамлик, файз барака олиб келишини тиламоқда.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири.