Ҳозир кўпчилик ва хатто ўсмир ёшларнинг ҳам оғзидан тушмаётган стрессни бошдан ўтказяпман, менда ҳозир депрессия, тушкунликдан чиқолмаяпман деган гаплар нимани англатади? Бу сўзларнинг асл маъноси нима?

Депрессия (лотинча депримо «босиш, бостириш») руҳий касаллик бўлиб, унинг асосий белгилари руҳий тушкунлик, ғамгинлик, ташвиш, қўрқув ёки бефарқлик ва бошдан кечириш қобилиятининг пасайиши ёки йўқолишидир. Қуйидаги аломатлардан баъзилари одатда мавжуд: ўз-ўзини ҳурмат қилишнинг пастлиги, ҳаётга ва одатий фаолиятга қизиқишнинг йўқолиши, нотўғри айбдорлик ҳисси, пессимизм, заиф концентрация, чарчоқ ёки энергия етишмаслиги, уйқу ва иштаҳанинг бузилиши, ўз жонига қасд қилиш тенденциялари.

Депрессив бузуқлик (шунингдек, депрессия деб аталади) умумий руҳий касалликдир. Бу узоқ вақт давомида тушкун кайфият ёки одатий фаолиятга қизиқиш ёки завқни йўқотиш билан тавсифланади.

Баъзи ҳолларда тушкун кайфият ҳаётдаги воқеаларга, масалан, яқин одамни йўқотишга одатий вақтинчалик реакция бўлиши мумкин. Депрессия баъзи тиббий ҳолатларнинг аломати ва баъзи дорилар ва муолажаларнинг ён таъсири бўлиши мумкин.

Хўш, демак, бугунги кунда кўпчилик ўзида депрессив ҳолатни ҳис қилишига нима сабаб деб ўйлайсиз. Айниқса, ўсмир ёшдагилар бугун ўзини айнан шундай тутишади. Мен бу мавзуга бежизга тўхталмадим. Сабаби, яқинда ўзимда ҳам худди шу белгилар кузатила бошлаганини сездим ва сабабини аниқладим. XXI аср Интернет асри. Бу аср ёшлари бошлари билан интернетга шўнғишган. Афсуски шундай. Албатта, ҳамма эмас лекин жуда кўпчилик. Ижтимоий тармоқларга юкланаётган видеолар, постларни томоша қилар эканмиз, ҳаётнинг ёрқинлигини, гўзалликларнинг кўплигини, одамларнинг бахтлилигини, ҳаммага кулиб боқишини, албатта, мендан ташқари деган хулоса билан кузатамиз. Бу шундай бир ҳиссиётки, сиз ўз ҳаётингизда эмас, сизга умуман нотаниш бўлган, асли қандай инсонлигидан ҳабарингиз ҳам бўлмаган инсонни ҳаётида яшай бошлайсиз. Сиз ўзингизда борига шукр қилиш ўрнига йўқларини ҳисоб-китоб қилиш билан вақт ўтказишни маъқулроқ кўришни бошлайсиз. Одамларни биз ҳеч қачон борича кўра олмаймиз. Биз фақат улар бизга кўрсатишни хоҳлаган томонларинигина кўрамиз. Буни инсон қалбан тушунса ҳам, рефлекс бизни бошқаришни бошлаганини ҳис қилганимизда ана энди депрессияга қадам қўйилади. Сабаби биз шу даражада, ижтимоий тармоққа боғландикки, у билан яшашга ўзимизни мажбурдек ҳис қила бошладик. Жуда ғалати, ўзимиз ўз қўлимиз билан бошқарувимизни ҳаётимизни, ҳиссиётларимизни, вақтимизни, умримизни, ёшлигимизни қандайдир беъмани видеолар ва бошқалар ҳаётини кузатиш эвазига тиксак.

Аслини олсак, ижтимоий тармоқлар бутунлай кераксиз нарсалардан иборат эмас, ўз йўналишини топган инсонлар ундан тўғри фойдаланиш орқали яхшигина даромад ва мақсадли аудиторияга эга бўлиб боришмоқда.

Ўз кун тартиби ва келажак учун аниқ бир мақсадларини аниқлаб олган инсон ҳеч қачон ижтимоий тармоқлар қулига айланиб қолмайди. Бу учун инсонда яхшигина иммунитет бўлиши лозим.

Шарофат АЗИЗОВА,

Қорақалпоқ давлат университети Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан алоқалар  йўналиши 3-босқич талабаси.

Қорақалпоғистон ахбороти агентлиги