Ғазо аввалгиларига ўхшамаган Рамазонни уруш ўчоғида кутиб олишга мажбур бўлди. Шунча қийинчиликка қарамай, фаластинлик болалар яшаб турган чодир ва вайроналарини чироқлар билан безатишди. Айни шу паллада Исроил қўшинлари Таровеҳ номози учун Ал-Ақсога келган мусулмонлар йўлини тўсган. Рамазондан бир кун олдин Рафоҳ шаҳри ва Нусайратда қочқинлар қўналғасига ҳужум уюштирилди.
Нетаньяху Байденнинг ҳам гапини олмаяпти. Қўшма Штатлар Президенти Рафоҳ “қизил чизиқ”лигини тушунтиришига қарамасдан, Исроил у ерда ҳам амалиётни тўхтатиш ниятида эмас. Нетаньяху Рафоҳда ХАМАС аъзолари борлигини, уларни йўқ қилмоқчи эканини билдирган.
Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги охирги суткаларда гуманитар ёрдам кутиш вақтида 20 киши вафот этганини айтди. “Al-Jazeera” хабарига кўра, ҳужумни Исроил самолётлари уюштирган.
Уруш дипломатиясига Нетаньяхунинг рафиқаси Сара Нетаньяху ҳам аралашди. “Ynet” нашри келтиришича, у Қатар Амирининг онаси Моза бинт Носир Ал-Мисноддан ХАМАС томонидан асирга олинганларни озод қилишда ёрдам сўраган.
“Axios” нашри ХАМАС ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувда воситачиликни Миср ва Қатарга ишонаётганини ёзган. Ҳужжатда ўт очишни тўхтатиш, гаровга олинганларни озод этиш, Ғазога гуманитар ёрдам етказиш, фаластинликларни уйига қайтариш ва Исроил қўшинларини анклавдан чиқариш акс этган. 14 март куни Қатар Бош вазири Муҳаммад бин Абдул Раҳмон гуруҳ жавобини Исроилга етказган.
Украинага етказиладиган ҳарбий ёрдам яна кун тартибида. Оқ уй Киевга фавқулодда 300 миллион доллар ажратмоқчи. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан Оқ уйда бўлиб ўтган матбуот анжуманида айишича, бу миқдор бир неча ҳафтага етади, холос. Бу орада Венгрия Бош вазири Виктор Орбан билан Флоридада кўришган Трамп, агар президентликка қайтса, Украинага бир тийин ҳам бермаслигини таъкидлади. Собиқ Президент Европани кўпроқ маблағ сарфлашга чақирди.
– Европа кам харажат қилмоқда, – деди Трамп. – АҚШ қанча маблағ ажратса, ЕИ мамлакатлари ҳам, бир бўлиб, шунча сарфлаши керак. Улар биздан кўра кўпроқ хавф остида. Европа Украинага тахминан 100 миллиард доллар кам сарфлаяпти. Бу Америкага, солиқ тўловчиларимизга нисбатан адолатсизлик.
Кўҳна қитъадан ҳам Украинани хурсанд қиладиган хабарлар келаётгани йўқ. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел келаётган бир неча ой Киев учун оғир келишини тахмин қилди. “Франс Пресс” ёзишича, Боррел таҳлилчиларга таяниб, ёзда Россиянинг жиддий ҳужуми кутилаётганини уқтирган.
Путин тез-тез такрорлайдиган ядро уруши ҳақида яна гап очди. У журналистларга интервью бераркан, ҳарбий-техник жиҳатдан РФ ядро кучлари доим шай ҳолатда эканига урғу берди.
Зеленский ҳам бир неча давлат раҳбарлари билан музокарани давом эттирмоқда. Жумладан, ўтган ҳафта Режеп Таййип Эрдоған ва Франция раҳбари билан учрашувдан сўнг, бу ҳафта Германия канцлери Шольц билан мулоқат қилди. Зеленский унга ҳаво мудофаасидаги ёрдами учун миннатдорлик билдириб, охирги ҳужумлар тўғрисида маълумот берди. Охирги суткаларда Россиянинг бир неча вилоятига ҳужум давом этмоқда. Мамлакат Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Рязанга дрон ҳужуми натижасида нефтни қайта ишлаш заводи ёниб кетган. 15 март куни Белгородда ҳужум таҳдиди туфали сайлов участкаси фаолияти тўхтатилган.
Дунё бўйлаб низолар, давлатлар ўртасида тўқнашувлар кучайган паллада қатор давлатларда президентлик сайлови бўлиб ўтади. 15 мартдан Россия Федерациясида президентлик сайлови бошланди. Жараён уч кун давом этади. АҚШ сенати Биньямин Нетаньяху 7 октябрдан бери вазиятни тўғри баҳолай олмаётгани сабабли Исроилда сайлов ўтказишга чақирган.
Ўтаётган ҳафта Фаластин сармоя жамғармаси раиси Муҳаммад Мустафо Бош вазир этиб тайинланди. Энди у Фаластиннинг 19 ҳукуматини тузади.
Сардорбек Поёнов, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА.