Кадастр агентлиги томонидан “Е-ер назорат” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилди. Мазкур тизим вазифалари, унинг аҳоли учун қулай бўлган томонлари хусусида Кадастр агентлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Бекзод Тошхўжаев қуйидагиларни маълум қилди.

– Президентимизнинг 2020 йил 7 сентябрдаги “Ер ҳисоби ва давлат кадастрларини юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ жорий қилинган ушбу тизим кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларнинг давлат рўйхатидан ўтказилишини таъминлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига йўл қўймаслик, умуман, мамлакатимизда ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этишда самарали давлат назоратини амалга оширади.

Ушбу дастур назорат тадбирларини амалга оширишда ортиқча қоғозбозлик ҳамда эҳтимолий коррупцион ҳаракатларнинг олдини олиш, ер қонунбузилиш ҳолатларини аниқлашдан то бартараф этишгача бўлган жараёнларни мониторинг қилиб бориш ҳамда ерга оид қонунбузилишлар ва уларни бартараф этилиши тўғрисидаги статистик маълумотларни автоматлаштирилган электрон ҳисобини юритиш каби вазифаларни бажаради.

Шунингдек, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ерлардан мақсадсиз фойдаланиш, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз муддатида мурожаат қилмаслик ҳолати бўйича манзилли маълумотлар базасини яратиш каби имкониятларни беради.

Кадастр агентлиги томонидан Тошкент шаҳрида давлат ер назорати тадбирларини амалга оширишга мўлжалланган 48 та махсус планшетлар ер назоратчи инспекторларга етказилди. Ўз навбатида ушбу мосламалардан тўғри фойдаланиш тартибини ходимларга тушунтириш ва амалиётда қўллашни ўргатиш юзасидан амалий-ўқув семинари ҳам ташкил этилди.

Жорий йилнинг 1 мартидан эътиборан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида синов тариқасида назорат тадбирларини планшетдан фойдаланиб, ер қонунбузарликни жойининг ўзида электрон расмийлаштириш ишлари йўлга қўйилди.

Бугунгача барча ҳужжатлаштириш ишлари қоғозда амалга оширилиб, айрим ҳолларда бу оворагарчиликка сабаб бўлган. Эндиликда эса кадастр инспекторлари мазкур қурилма орқали ер қонунбузарларнинг шахсига аниқлик киритиб, электрон кўринишда маъмурий баённомани ўша жойнинг ўзида расмийлаштириш имконига эга бўлди.

Шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, “Е-ер назорат” ААТ дастури ёрдамида ортиқча қоғозбозликка чек қўйилиб, ҳуқуқбузарликларни бартараф этиш муддати қисқарди ва идоралараро ҳужжат алмашиш тезкорлиги оширилди. У шунингдек, мутахассисларга ер ҳолатини космик суратлар ёрдамида назорат қилиб бориш, ноқонуний қурилиш ёки қурилишдаги қонунбузарликларни эрта аниқлаш имконини бермоқда.

Маълумки, қонунчиликда ер қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган жисмоний ва юридик шахслар учун жазо муқаррарлиги қатъий белгилаб қўйилган. Чунки, Ер – умуммиллий бойлик, энг муҳим табиий ресурслардан бири. Шунинг учун ҳам бу неъматдан самарали ва белгиланган мақсадда фойдаланиш зарур. Ҳар бир қарич ернинг ҳисоби бор. Назорати ҳам шунга яраша кучли бўлади.

Шу ўринда, ҳурматли пойтахтимиз фуқаролари ва тадбиркорларидан ерга оид қонунчилик талабларига қатъий риоя қилишларини, ҳуқуқбузарлик ҳолатларига йўл қўймасликларини яна бир бор сўраб қоламиз.

Бу орқали улар ўзларини турли асаббузарлик, оворагарчиликдан, ортиқча харажат, маъмурий ёки жиноий жавобгарликдан асрайди. Энг асосийси, кўнгилсиз ҳолатларнинг олди олинишига эришилади.

 

Гулноза Бобоева, ЎзА