ФУТБОЛ: Ўзбекистон футбол ассоциациясининг янги биносининг қурилишида биринчи ғиштни FIFA президенти Жанни Инфантино қўяди...ми?

Жаҳон чемпионати бошланиши арафасида Футбол Ассоциациямиз раҳбари Осиё ва Жаҳон футболи ташкилотлари раҳбарлари билан учрашиб, муҳим масалаларни ҳал этишга интилмоқда.
Айни пайтда Россияда ўтажак Жаҳон чемпионати олдидан дунё футболи амалдорлари, юлдузлари ва мураббийлари Россия пойтахти Москва шаҳрида жам бўлишмоқда. Буларнинг орасида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси Президенти ва Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджоновнинг ҳам борлиги, у вақт ва имкониятдан фойдалган ҳолда юртмиз футболи ривожи учун фойдали масалаларда улар билан маслаҳатлашиб олишга ҳаракат қиляпти.
Жумладан, Умид Аҳмаджонов у ерда Осиё футбол конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа билан учрашди. Дўстона руҳда ўтган норасмий учрашувда томонлар 2019 йили Бирлашган Араб Амирликлари мезбонлик қиладиган Осиё Кубогига кўрилаётган тайёргарлик юзасидан фикр алмашишди. Шунингдек, Шайх Салмон ўзбек футболида олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва бунинг учун Умид Аҳмаджоновга миннатдорлик билдирди. Учрашув ва мулоқот фойдали бўлди – футболимиз раҳбарининг илтимосига кўра, Осиё футбол конфедерацияси ижроия қўмитаси йиғилиши шу йилнинг октябрь ойида Тошкентда ўтказиш масаласини ҳал этилди.
Шунингдек, Москвадаги «Кемпински отель» меҳмонхонасида Осиё футбол Конфедерациясининг умумий йиғилиши бўлиб ўтди. Унда FIFA Президенти Жанни Инфантино ҳам иштирок этди. Йиғилишда FIFA Президенти , қолаверса, Осиё футбол Конфедерацияси раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим Ал Ҳалифа Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи Осиё терма жамоалари ва ҳакамларга омад тилади.
Нутқ сўзлар экан, жумладан, шундай деди: “Осиёда футбол тез суратлар билан ривожланиб боряпти. Умид қиламанки, бу йилги мундиалда Осиё терма жамоалари ҳам ўзларини ҳар томонлама кўрсата олишади. Қолаверса, айни пайтда Осиёда ҳакамлик соҳаси ҳам анча ривожланган. Сўнгги йилларда ушбу қитъадан бир қатор кучли реферилар етишиб чиқди. Жаҳон чемпионатининг финал босқичида энг кўп ўйин ўтказиш бўйича рекордчи ҳам бугунги кунда айнан Осиёлик ҳакам Равшан Эрматов бўлиб тургани ҳам фикримга исбот бўла олади”.
Йиғилишдан сўнг МОҚ ва футбол ассоциациямиз раҳбари Жанни Инфантино билан учрашди ва мамлакатимизда спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида FIFA Президентига сўзлаб берди. Ўз навбатида, ФИФА президенти Инфантино ҳам ўзбек спортида амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолади ва яқин орада шахсан ўзи Тошкентга ташриф буюришини ва ўзгаришларни бевосита кузатишини таъкидлаб ўтди.
Дунё футболи ташкилотининг раҳбари Тошкентга сафари чоғида шу йилнинг ўзида «Миллий» стадион (собиқ «Бунёдкор») ҳудудида Ўзбекистон футбол ассоциацияси учун янги бино қурилиш ишлари бошлаб юборилиши, бинога биринчи ғиштни айнан FIFA президенти Жанни Инфантино қўйиб бериши кутилмоқда.

 

ЎзА