Суд-ҳуқуқ ислоҳотлари мамлакатимизда жадаллик билан олиб борилиб, охирги йилларда одил судловни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди.

Фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини янада кенгроқ ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида суд қарорларининг қонунийлигини ва асослилигини текшириш механизмлари янада такомиллаштирилмоқда ва суд қарорларини қайта кўришнинг янги тартиби жорий этилди.

Жумладан, 2023 йил 25 декабрда Президент томонидан имзоланган “Суд қарорларининг қонунийлиги ва асослилигини текшириш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга кўра 2024 йил 1 январдан бошлаб: 

– туманлараро, туман (шаҳар) судлари томонидан биринчи инстанцияда; 

– вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан қонуний кучга кирмаган суд ҳужжатлари апелляция тартибида ёки қонуний кучга кирган, апелляция тартибида кўрилмаган суд ҳужжатлари кассация тартибида ҳамда апелляция ёки кассация тартибида кўрилган суд ҳужжатлари мазкур судларда тафтиш тартибида; 

– вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация ҳамда тафтиш тартибида кўрилган суд ҳужжатлари устидан шикоятлар (протестлар) Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида тафтиш тартибида, алоҳида ҳолларда Олий суднинг Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатида кўрилган суд ҳужжатлари устидан Олий суд Раёсатида тафтиш тартибида кўриб чиқилиши назарда тутилмоқда. 

Шунингдек, суд қарорларининг барқарорлигини, иш бўйича якуний қарорлар қабул қилинишини таъминлаш мақсадида юқори инстанция судлари томонидан қуйи судлар қарорини бекор қилган ҳолда янгидан кўриш учун қуйи судга юбориш амалиётини тугатиш назарда тутилмоқда. 

Апелляция инстанцияси Кодекс 279-моддаси бешинчи қисмининг 7-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва иш материалларини судга тааллуқлилигига кўра бошқа судга юборишга ҳақли.

Бундан ташқари Кодекс 279-моддаси бешинчи қисмининг 2, 3 ва 6-бандларида назарда тутилган асослар яъни: 

– ишнинг ишда иштирок этувчи, суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинмаган бирор-бир шахс йўқлигида кўрилганлиги; 

– ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахсларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги; 

– билдирилган талаб бўйича суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинмаганлиги аниқланганда апелляция инстанцияси ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўради ва ишни биринчи инстанция судида иш юритиш қоидалари бўйича кўришга ўтиш ҳақида ажрим чиқарилиб, унда бажарилиши лозим бўлган ҳаракатлар кўрсатилади. 

Кодексга киритилган ўзгартиришларнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, эндиликда суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинмаганлиги ёки нотўғри ҳал қилинганлиги суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда, юқори инстанция судлари қарорнинг хулоса қисмида суд харажатлари ушбу Кодекснинг 118-моддасида назарда тутилган тартибда тақсимланиши кўрсатиб ўтишлари лозимлиги белгилаб берилда.

Қонун билан суд қарорлари устидан кассация ва тафтиш тартибида шикоят қилиш муддатлари ҳам ўзгартирилди. Хусусан, кассация шикояти (протести) биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида, тафтиш тартибидаги шикоят (протест) эса, биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан бир йил ичида бериладиган бўлди.

Тафтиш тартибидаги шикоят (протест) бериш муддати қуйи инстанция судлари томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилингунига қадар ўтган бўлса, шикоят (протест) ушбу судлар томонидан ишни кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч ой ичида берилиши мумкин, яъни яна қўшимча уч ойлик муддат берилиши назарда тутилди.

Олий суд Раёсатига Олий суд раисининг, Бош прокурорнинг протести тегишли шахсларнинг мурожаати келиб тушган кундан эътиборан уч ой ичида, лекин судлов ҳайъати томонидан ишни тафтиш тартибида кўриш натижалари бўйича қарор қабул қилинган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай киритилиши мумкин.

Суд қарорлари устидан апелляция, кассация ва тафтиш тартибидаги шикоят (протест) беришнинг ўтказиб юборилган муддати шикоят (протест) берган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома шикоятни (протестни) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган ва шикоят (протест) бериш муддати ўтказиб юборилишининг сабаблари судья (суд) томонидан узрли деб топилган бўлса, тикланиши мумкин.

А.Хаитбоев, Қуйичирчиқ туманлараро 

иқтисодий суди раиси, 

Э.Қурбонов, Қуйичирчиқ туманлараро 

иқтисодий суди судьяси.