Италияда бокс бўйича “Париж-2024″ Олимпия ўйинларига лицензия берувчи мусобақада ҳамюртларимиз Навбаҳор Ҳамидова нидерландиялик Луна Амаро Беелоогани, Азиза Зокирова украиналик Каролина Махони, Лазизбек Муллажонов тоголик Кевин Куаджовини, Руслан Абдуллаев косоволик Шпетим Бажокуни ўз вазн тоифаларида мағлуб этди. Эътиборлиси, Руслан яна бир жангда ғолиб бўлса, Олимпия йўлланмасини нақд қилади.
Бугунги жангларни -50 кг. вазнда Сабина Бобоқулова бошлаб беради. У соат 17:30 дан сўнг ирландиялик Даина Моореҳоусега қарши рингга кўтарилади. Шундан сўнг-80 кг. вазн тоифасида Тўрабек Ҳабибуллаев чорак финал йўлланмаси учун франциялик Ёжерлин Сесар билан баҳс олиб боради.
Вазни -57 кг. бўлган Ситора Турдибекова чорак финалда польшалик Жулиа Сзереметани синовдан ўтказади. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, Ситора ушбу босқичдан ғалаба билан ўтадиган бўлса, навбатдаги жанги Олимпиада лицензияси учун бўлади. Шунингдек, -71 кг. вазнда Асадхўжа Мўйдинхўжаев колумбиялик Алехандер Рангел билан навбатдаги баҳсини ўтказади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА