Маълумотларга кўра, саноат усулида балиқ овлаш учун рухсат этилган тўрларни ҳисобга қўйиш ва идентификация қилиш ҳамда уларнинг реестрини юритишни назарда тутувчи электрон платформа ишга туширилади. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 9 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг табиий сув ҳавзаларида балиқ овлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 80-сонли қарорида кўзда тутилган.

Қарорга кўра, спорт-ишқибозлик туридаги ва саноат усулида балиқ овлаш тартиби, балиқ овлаш билан шуғулланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ихтиофауна объектларидан фойдаланишни назорат қилиш, балиқ ресурсларини муҳофаза қилиш ва ноқонуний овлаш оқибатида етказилган зарарларни ҳисоблаш, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслардан олиб қўйилган балиқ овлаш қуроллари ва воситаларини йўқ қилиш, ноқонуний балиқ овлаш ҳолатларини аниқлаган балиқчилик хўжалиги ҳамда ваколатли шахсга пул мукофоти бериш кабиларни ўз ичига олган балиқ овлаш қоидалари тасдиқланди.

Балиқ овлашни тақиқловчи қоидалар сунъий сув ҳавзалари ҳамда табиий сув ҳавзаси ҳисобланмайдиган ирригация тармоқларидаги қафас (садоқ) мосламаларида интенсив балиқ етиштириш технологияси ва аквакултурага нисбатан татбиқ этилмайди.

Табиий сув ҳавзаларида жисмоний шахсларга спорт-ишқибозлик турида 1 суткада 5 кггача ёки ушбу миқдордан кўп бўлган 1 дона балиқни бепул овлашга рухсат берилади. Бошқа ҳолатларда балиқ овлаш ушбу ҳавзалар бириктирилган субъектлар билан келишув асосида ёки ҳақ тўлаш эвазига овчилик ва балиқчилик хўжаликларига бириктирилган сув ҳавзаларида ушбу хўжаликларнинг йўлланмалари бўйича амалга оширилади.

Балиқларнинг урчиш даврида табиий сув ҳавзаларида спорт-ишқибозлик туридаги балиқ овлаш тақиқланади.

Балиқларнинг урчиш даврида, яъни Aмударё ва Сирдарёда 11-мартдан 31-майгача, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида табиий сув ҳавзаларида 26-апрелдан 10-июнгача ва бошқа барча табиий сув ҳавзаларида 16-апрелдан 31-майгача балиқ овлаш тақиқланади.

Саноат усулида балиқ овлашда еса балиқчилик хўжалиги тегишли ҳужжатларга (табиий сув ҳавзаси ижара шартномаси, рухсатнома (квота), балиқ овлашни қайд этиш дафтари, ФВВда рўйхатга олинган сузиш воситаларининг ҳужжатлари, балиқ овлаш воситаларини тамғалаш ва ҳисобга қўйиш маълумотларидан кўчирмага эга бўлиши лозим. Балиқ овлаш сунъий ва ўсимлик толаларидан тайёрланган тўрларда амалга оширилади.

Бугунги лавҳамизда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қошидаги Экотуризм ва овчиликни ривожлантириш департаменти бош мутахассиси Мирпўлат Ҳасанов қарорга киритилган ўзгаришлар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

М.Турдалиева, Н.Абдувоитов (видео), ЎзА