Вазирлар Маҳкамасининг “Фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда дарахт экиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизмати, “Янги авлод боғлари”ни барпо қилиш ва кафолатли сақлаш механизмларини жорий қилиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамалар порталида эълон қилинди.

Лойиҳага кўра, 2024 йил 1 июлгача фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда дарахт экиш учун буюртма бериш бўйича давлат хизмати ва электрон платформа тўлақонли йўлга қўйилади.

Шунингдек, Кадастр агентлиги туман (шаҳар) ҳокимликлари билан ҳар йили 1 ноябрга қадар ҳудудларда “яшил боғлар”, “яшил жамоат парклари” ва “Янги авлод боғлари” барпо қилиш мумкин бўлган туман (шаҳар) ҳокимликлари балансидаги бўш турган ерлар рўйхати, майдони ва манзили ҳақида маълумотларни тўплайди.

Ҳар йили 1 декабрга қадар ҳар бир туман (шаҳар)да “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали овоз бериш йўли билан, жамоатчилик фикри асосида шаклланган “Менинг боғим” лойиҳалари доирасида аҳоли ташаббуси билан “яшил боғ” ва “яшил жамоат парклари”ни барпо қилиш учун ҳамда бола туғилганида гувоҳнома олишда унинг номига тамғаланган ҳолда дарахт кўчатларини экиш орқали “Янги авлод боғлари”ни барпо қилишга ер майдонлари ажратилади.

Фарзанд туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олишда дарахт экиш учун буюртма бериш унинг номига тамғаланган ҳолда дарахт кўчатларини экиб “Янги авлод боғлари”ни барпо қилиш мақсадида туғилган боланинг ота-онаси ёки васийси томонидан ихтиёрий равишда “Яшил тўлов” электрон платформаси орқали ёки бошқа турдаги онлайн электрон платформаси орқали тўловни амалга оширган ҳолда давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали буюртма берилади.

Ш.Маматуропова, ЎзА