Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Бердақ номидаги давлат мукофоти совриндори, Ўзбекистон халқ рассоми, марҳум Жоллибай Изентаевнинг И.Савицкий номидаги давлат санъат музейида “Ижод туйғуси” номли кўргазмаси очилди.
Тадбирда мутасадди муассаса ва ташкилотлар вакиллари, рассомнинг ҳамкасблари, шогирдлари ҳамда яқинлари иштирок этди. Кўргазманинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар таниқли рассомнинг ҳаёти ва ижодий ишларига тўхталди.
Рассомда санъатга бўлган қизиқиш болалик чоғларидан пайдо бўлган. Мактаб даврида расм-чизмачилик фани ўқитувчиси, таниқли ҳайкалтарош А.Атабаев ёш Жоллибайдаги иқтидорни пайқаб, унинг қобилиятини ривожлантиришга бел боғлайди. Мактабни тугатганидан сўнг, у бир йил давомида ёшлар газетасида ретушчи рассом бўлиб ишлайди ва бир вақтнинг ўзида тасвирий санъат бўйича тўгаракда шуғулланиш асносида нукуслик рассомлар билан доимо мулоқотда бўлади. Жоллибай Изентаев ўз касби бўйича асосий билимни Тошкентда олади. Дастлаб у Республика рассомлик билим юртида (1961-1966), сўнггра Тошкент театр ва рассомлик институтида (1966-1974) таҳсил олади.
1974 йилда Нукусга қайтганидан сўнг, Қорақалпоғистон бадиий санъати оламида етакчилардан бирига айланади. 1979 йилда у Қорақалпоғистон рассомлар уюшмаси раиси этиб тайинланади. Кейинчалик мустақиллик йилларида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Қорақалпоғистон бўлимига раислик қилади ва умрининг охиригача ушбу лавозимда фаолият юритади.
“Ижод туйғуси” кўргазмаси рассом таваллудининг 80 йиллигига бағишланади. Унда рассомнинг турли йилларда яратган ва мўйқалам устасининг кенг ижодий имкониятларини ўзида акс эттирган асарлари намойиш этилган. Рассом ўз ижодий фаолиятини 1970 йилларда портрет, манзара, натюрморт ва тарихий жанрларда асарлар яратиш билан бошлайди. Ўша даврда унинг ижодида кейинчалик ўзининг таъсирини кўрсатган импрессионистик услуб кузатила бошлайди. Рассом мўйқаламда ўз она юрти манзараларини, оиласи ва дўстларининг кўплаб портретларини яратиб, атрофдаги оламга ва ундаги одамларга маънавий боғлиқликни ҳамда самимий муҳаббатни ҳис қилади.
Ж.Изентаевнинг образларга бой дунёси рассомнинг ўзига хос, такрорланмас услуби Қорақалпоғистон тасвирий санъат оламида муҳим ўринлардан бирини белгилаб берган замонавий ва халқ санъатининг жамланмасидир.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат, видео), ЎзА мухбири