Махтумқули таваллудининг 300 йиллигига
Қорақалпоғистон Республикаси Педагогларни янги методикаларга ўргатиш миллий марказида туркман халқининг буюк шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигига бағишлаб “Қардош халқларнинг дўстлигини мустаҳкамлашда Махтумқули ижодининг тутган ўрни” мавзусида ижодий кеча бўлиб ўтди.
Таъкидланганидек, бу йил нуфузли халқаро ташкилот – ЮНЕСКО раҳнамолигида Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллик қутлуғ юбилей санаси дунё миқёсида кенг нишонланаётгани ҳам шоир адабий мероси жаҳон сўз санъатининг бебаҳо хазинасига айланиб, инсониятнинг маънавий оламини юксалтиришга хизмат қилиб келаётганидан далолат беради. Шоир таваллудини мамлакатимизда ҳам кенг нишонлаш бўйича давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 февралда “Буюк туркман шоири ва мутафаккири Махтумқули Фироғий таваллудининг 300 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Махтумқулининг ўз даврида Хивадаги машҳур Шерғозихон мадрасасида таҳсил олгани, Алишер Навоийдек буюк сўз санъаткорини ўзига устоз деб билгани халқларимиз ўртасидаги чинакам дўстликнинг ажойиб намунасидир.
–Туркман халқининг шоири Махтумқули нафақат туркий халқлар, балки жаҳон адабиёти ва маданияти тарихида муҳим ўрин эгаллаган мутафаккир эди, –дейди Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети профессори О.Гайлиева.- Донолик сўз устасининг чуқур гуманизм билан суғорилган асарлари мард ва матонатли, меҳнаткаш туркман халқининг эзгу қадриятлари ва олижаноб фазилатларини тараннум этиши, турли миллат ва элатлар ўртасида ўзаро аҳиллик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган мазмун-моҳияти билан барчамиз, айниқса, ёшларимиз учун ибрат намунасидир.
Тадбир иштирокчиларига шоир асарларидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири