Эрматов жаҳон чемпионати рекордини янгилайди

Бу даъват биз томондан эмас, ФИФА томонидан янграмоқда.
Халқаро футбол ташкилоти – ФИФАнинг FIFA.com интернет сайти кеча ўзбекистонликлар учун тааллуқли бўлган хабарни чоп этди. Унда, жумладан, шундай дейилган:
“Футбол бўйича жаҳон чемпионати-2018нинг бошланишига атиги 8 кун қолди. Ушбу мундиал олдидан мусобақа тарихидаги статистикаларга тўхталамиз.
Ўзбекистонлик тажрибали ҳакам Равшан Эрматов жаҳон чемпионатларида жами 9 та учрашувни бошқарган – бу мундиал тарихида ҳар қандай бошқа ҳакамдан кўпроқ демакдир. У биринчи марта 2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган мундиалда мезбон ва Мексика терма жамоалари ўртасидаги очилиш ўйинини бошқарган эди. Равшан мазкур мусобақада яна тўрт ўйинда бош ҳакам бўлди, жумладан, Голандия ва Уругвай ўртасидаги ярим финал ўйинини ҳам бошқарди.
Ўзбекистонлик ҳакам ўз ҳисобига 2014 йилда Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатидаги яна тўртта учрашувни қўшиб қўйди ва мундиалларда энг кўп – 8тадан баҳсни бошқарган франциялик Жоэль Киниу, мексикалик Бенито-Артундия ва уругвайлик Хорхе Ларриондани ортда қолдирди.
Эрматов 2003 йилда ФИФА реферилигига қабул қилинган, шундан буён унинг қобилияти ва обрў-ҳурмати ортиб борди. Жаҳон чемпионатларидан ташқари, Осиё чемпионалар лигасининг тўртта финали, Клублар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатининг иккита финали ва Осиё кубоги финалини, яна кўплаб расмий йирик мусобақаларнинг ҳал қилувчи ўйинларини хотиржамлик ва ишонч билан бошқарган.
Равшан Россияда ўтадиган жаҳон чемпионатида ўз рекордини янгилаш учун яхшигина имкониятга эга бўлиб турибди. У яна бир ҳафтадан кейин бошланадиган жаҳон чемпионати ўйинларини бошқарадиган асосий ҳакамлар рўйхатига киритилган”.

 

ЎзА