Сўнгги пайт АҚШда собиқ Президент Дональд Трампнинг давлат раҳбарлиги учун навбатдаги сайловда номзодини кўрсатиш қарори Европа сиёсатчилари хавотирини орттираётгани бот-бот тилга олинмоқда.

Айрим таҳлилчилар фикрича, ноябрда бўлиб ўтадиган сайловда Трамп ғалабақозонса, Европа Трансатлантик савдо уруши юзага келиши эҳтимолига тайёр туриши керак.

Ҳозирча хавотир ўринлими ёки йўқ, бир нима дейиш мушкул, чунки Трамп ҳали республикачилардан ягона номзод бўла олгани йўқ. Партиядош рақибларини бирин-кетин пойгадан чиқариб юбораётганига қарамай, унинг йўлида тўғаноқ яна бир кучли рақиб бор: АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Никки Хейли хоним. У ўзаро курашда Трампдан бироз ортда бўлса-да, баҳсни узил-кесил тўхтатгани йўқ. Демак, пойганинг қизғин палласи олдинда.

Трамп номзодини кўрсата олса ва амалдаги Президент Байден устидан ғалаба қозона олса, бу Европа учун ижобий натижа бўладими ёки тескариси?

Миллиардернинг ютуғи Европа Иттифоқи бирлиги, НАТО мустаҳкамлигига путур етказмайдими? Айни саволлар ҳозир кўҳна қитъа сиёсатчиларини ўйлантириб, хавотирга солмоқда. Устига устак, Трамп ҳар чиқишида НАТО учун энг кўп харажат қилаётган АҚШ эканини миннат қилиб, Европа ўз мудофаасини ўзи таъминлаши, Украинага ёрдам тўхтатилиши, мигрантлар оммавий депортация қилиниши ва чегаралар хорижликлар учун ёпилиши зарурлигини бот-бот такрорламоқда. Бу ҳам етмагандек, бутун Ғарб, айниқса ЕИ Россия Президентини Украинага ҳужум қилишда айблаб турган бир пайт у Кремль етакчисига хайрихоҳ.

Шу боис ҳозир ЕИ Трамп раҳбарлиги қандай кечиши эҳтимолини расман баҳолаш устида жиддий иш олиб боряпти. Бошқача айтганда, агар у сайловда ютса, НАТОга таъсир қилиши мумкин бўлган ҳар қандай чорага жавоб бериш йўлини ҳозирдан режалаштириб қўйиш кераклиги таъкидланмоқда.

Европалик бир мулозим айтишича, айни дам Еврокомиссия Трамп ғалабаси сценарийсига “алоҳида эътибор” қаратиб, сайлов оқибатини баҳолаш жараёнини тайёрлай бошлаган. ЕИ таркибидаги аксар мамлакатлар республикачининг яна бир муддат ҳокимият тепасига келиши ЕИга қарши қаратилган савдо тарифлари жорий этилишига олиб келишини тахмин қилмоқда.

Аввалроқ “Блумберг” агентлиги таҳлилчилари Трамп жамоаси томонидан ЕИга қарши эҳтимолий ҳаракатлар рўйхати тузилаётганини ёзган. Бу рўйхат 10 фоизлик умумий минимал савдо тарифи жорий этилишини ҳам кўзда тутган бўлиши мумкин.

Трамп бошчилигидаги Қўшма Штатлар 2018 йил биринчи ярмида ЕИдан пўлат ва алюминий маҳсулотлари импортига бож белгилаган, бу чора мос равишда 25 ва 10 фоиз, яъни йилига 6,4 миллиард еврони ташкил этган.

Натижада ЕИ ҳам Америкадан 2,8 миллиард евро миқдоридаги турли хил товарлар импортига жавобан, “мувозанатни тикловчи” бож жорий қилганди.

2021 йилга келиб эса томонлар муайян товарларга нисбатан чорани ўзаро тўхтатиб туриш ва икки томонлама мақбул ечим топишга келишиб олган.

Европада Трамп ғалабасидан нега қўрқишларини “Ягона Россия” депутати Олег Морозов “РИА Новости”га шундай изоҳлади:

– Ғарб матбуотида янграётган “Трамп сайловда ғалаба қозонса, АҚШ НАТОдан чиқиши мумкин” деган тахмин европаликларни хавотирга солади.

“Дональд Трампнинг Оқ уйга қайтиши эҳтимоли пайдо бўлиши Германия расмийлари ва уларнинг НАТОдаги ҳамкасбларини “Альянс АҚШ етакчилигисиз яшай оладими ё йўқми?”, деган савол атрофидаги норасмий мунозарани бошлашга ундади”, деб ёзди “The New York Times” газетаси ўз манбаларига таяниб.

– Бу оддий: агар Трампни ҳеч қандай йўл билан сайловдан четлаштира олишмаса, у ғалаба қозонади, – дейди Морозов. – Ғарб буни тушунади.

Қолаверса, кўп нарса ўзгариши, Европанинг долзарб муаммоларига янгилари қўшилишини англаб турибди.

Аввалроқ Германиянинг Гессен федерал ери бош вазири Борис Рейн Европа Қўшма Штатлар иштирокисиз ўз мудофаа иттифоқини яратиши керак, бу Россияни “тийиб туриш” учун зарур, деган фикрни ҳам билдирган.

Яна Трампга қайтамиз. Умуман, Трампнинг бу галги сайловда иштирок этиши масаласи савол остида турганини унутмаслик керак. Зеро, собиқ раҳбар Оқ уйда пайти анчагина қонунбузарликка йўл қўйгани бўйича айбланаётгани сайловчилар эътиборидан четда эмас.

Айни пайт Трампга тўрт жиноий иш бўйича жами 91 айблов қўйилмоқда. Республикачи сиёсатчи буни демократларнинг Трамп Оқ уйга қайтишига тўсқинлик қилишга уриниши, деб атаган. Энг жиддий бандлар Трампга 20 йиллик қамоқ жазоси билан таҳдид солмоқда. Мабодо, жазо ҳукмни қўшиш орқали белгиланса, у бир неча аср “панжара ортида қолиши” мумкин. Айбловлар йиғиндисига кўра, сиёсатчини 700 йилдан ортиқроқ қамоқ жазоси кутмоқда.

Шундай экан, Трамп сайловда қатнаша оладими ёки йўқми, ҳали номаълум. Собиқ адвокат Жо Такопина уни айбдор, деб топишлари мумкин, демоқда. Агар суд шундай якунланса, Трамп сайловда-ку қатнаша олмайди, устига-устак жараённи панжара ортидан кузатиб ўтиришига тўғри келади.

– Ушбу ишлардан бири бўйича айблов эълон қилиниши ва шу билан бирга потенциал жазо, жумладан қамоқ муддати берилишини истисно қилмаслик керак, – деган Жо Такопина.

Хулоса шуки, ҳозирча Трамп атрофидаги гап-сўз, сайлов олди пойгасидаги вазият европаликлар учун, шунчаки, бироз хавотирли, ваҳима уйғотадиган даражада эмас.

Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА