Тошкент давлат шарқшунослик университетида Алишер Навоий таваллудининг 583 йиллиги муносабати билан “Алишер Навоий ва Шарқ Ренессанси” номли III халқаро симпозиум ташкил этилди.

Мазкур тадбир Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси каби ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг Ижтимоий ривожланиш департаменти раҳбари Одил Абдураҳмонов, Фанлар академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалимов, Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Нодиржон Холбўтаев, Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ижрочи директори Олимжон Давлатов, мазкур университет ректори Гулчеҳра Рихсиева ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида буюк аждодларимиз, айниқса Алишер Навоий меросини ўрганиш борасидаги эзгу саъй-ҳаракатлар наинки мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам ўзига хос акс-садо бераётганини таъкидлади.

Симпозиумда Озарбайжон Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳусайн Гулиев, Туркия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олган Бекар ва бошқалар Алишер Навоий туркий адабиётда буюк сиймо экани, аллома шоир ўз ижодида туркий халқлар дўстлигини тараннум этиши билан бирга бутун дунё аҳлини ҳамжиҳатликка чорлаганини эътироф этди.

Дарҳақиқат, симпозиумнинг мазкур университетда ўтказилиши ҳам бежиз эмас. Зеро, мутафаккир шоир ижодини ўрганишда Алибек Рустамов, Азиз Қаюмов, Суйима Ғаниева ва бошқа шарқшунос-навоийшунос олимларнинг заҳматли хизматлари беқиёс.

Кейинги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан Навоий меросини ўрганиш ва тарғиб этиш борасидаги ибратли ташаббуслар мамлакатимиз ва хорижий давлатларда ҳам кенг қулоч ёзди. Ўзбекистонда Навоий ижоди, умуман навоийшуносликнинг ўзига хос, бетакрор ва катта мактаби шаклланди. Навоий меросига оид тадқиқотлар олиб бориш, унинг асарларини чоп этиш, луғат ва илмий монографиялар яратиш борасидаги ишлар мунтазам олиб борилмоқда.

– Алишер Навоий ўз асарлари билан жаҳон адабиётига ҳам ўзига хос таъсир кўрсатган, – деди кипрлик профессор Қадир Гулкариян. – Ушбу анжуманда бу мавзуни шоирнинг “Муҳокамат ул-луғатайн” асари орқали таҳлил этиш имконияти яратилди. Ушбу асар бугунги кунда Араб давлатларида, АҚШ, Германияда ҳам тадқиқ этилмоқда. Навоий асаридаги сўзларнинг замиридаги маънолар хазинасини таққослаб ўрганиш яна кўплаб илмий ишларга мавзу бўлиши мумкин.

– Навоийга Ўзбекистондагидек мисли кўрилмаган юксак мақомдаги муносабатни дунёнинг ҳеч қайси мамлакатида учратмадим, – деди афғонистонлик олим Азизулло Орол. – Бу эса мамлакатингизда Алишер Навоий мероси наинки унинг таваллуд санасида, балки доимий эътироф этилиши, ўрганилиши, тарғиб этилишининг амалий натижасидир. Алишер Навоийнинг буюклиги шундаки, у кўп асрлар аввал яшаб, ижод қилган бўлса-да, ўз асарларида бизнинг бугунги муаммоларни ҳам очиб берган. Шу билан бирга Ўзбекистонда унинг номи билан аталувчи ва дунёда ягона бўлган Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ташкил этилган. Айни пайтда Ўзбекистондаги энг йирик вилоятлардан бири Навоий номи билан аталади. Унинг асарлари қайта-қайта нашр этилмоқда. “Истиқлол даври ўзбек навоийшунослиги” ўттиз жилдлик мажмуанинг чоп этилиши диққатга сазовордир.

Халқаро симпозиумда дунёнинг турли мамлакатларида фаолият кўрсатаётган навоийшунос олимлар улуғ шоир Алишер Навоий меросини ўрганиш ва тарғиб этишнинг келгусидаги истиқболларини атрофлича муҳокама қилди.

Назокат Усмонова, Носиржон Ҳайдаров (сурат), ЎзА