Ўтган йил 6 февраль куни қардош Туркия Республикасида мудҳиш воқеа – 7,7 ва 7,6 магнитудали зилзилалар рўй берди. Мамлакат Фавқулодда вазиятлар давлат департаменти 7 километр чуқурликда содир бўлган офат маркази Қаҳрамонмараш вилояти эканини маълум қилди.

Қаҳрамонмараш, Малатия, Шонлиурфа ва Газиантеп вилоятларида вайронагарчилик кўлами кенг бўлди. Кўп қаватли уйлар қулади. Афсуски, минглаб инсонлар ҳалок бўлди, миллионлаб одамлар қаҳратон қишда уйидан айрилди.

Бир йилдирки, Туркия халқи оғир шароитдан чиқиб кетиш, йиқилган биноларни тиклаш, жабрланган фуқароларга моддий, маънавий кўмак бериш мақсадида мислсиз ишларни амалга оширмоқда.

Давлат муассасаси ва ташкилотларининг зилзиладан кейинги фаолиятини жойида ўрганиш, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарни ривожлантириш, қишлоқ уйлари, инфратузилма ва маданий мерос объектларини қайта қуриш ишларини биргаликда кузатиш мақсадида 2024 йил 9-12 февраль кунлари Туркий халқлар – Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Озарбайжон оммавий ахборот воситалари вакиллари Қаҳрамонмараш, Адияман ва Малатия вилоятларида бўлиб турибди.

Зилзиладан энг кўп зарар кўрган ҳудудларга уюштирилган пресс-тур доирасида журналистлар мазкур вилоятлардаги, қурилиш майдончалари, шифохоналар, вақтинчал турар-жой мажмуалари, савдо ва саноат марказлари билан танишмоқда.

Дастурга мувофиқ, биринчи кун 1 170 000 киши яшайдиган Қаҳрамонмараш вилоятидан бошланди. Ҳокимликда ўтказилган матбуот анжуманида вилоят ҳокими Мукаррам Унлуер зилзиладан энг кўп зарар кўрган вилоятдаги уйларни тиклаш, мактаб, спорт майдончалари ва иш офисларини янгидан қуриш, аҳолига кўрсатилаётган ёрдам хусусида атрофлича маълумот берди.

– Кетма-кет икки бор рўй берган 7,6 ва 7,7 магнитудали кучли зилзила оқибатини бартараф этиш осон кечмаяпти, – деди вилоят ҳокими. – Қаҳрамонмарашда 7491 бино вайрон бўлган эди, 4434 объект шошилинч бузилди. Жами 53 945 иншоот зарар кўрган. Биноларни бузиш, чиқиндини олиб ташлаш жадал давом этяпти. Бу жараённинг 93,68 фоизи бажарилди.

Аҳоли вақтинча истиқомат қилиши учун “контейнер-кент”лар барпо этилган. 1 900 000 инсон яқин кунларгача контейнерларда яшади, ҳозир 345 та шундай шаҳарчадаги 186 минг контейнерда 580 000 фуқаро кун кечиряпти. Журналистлар ушбу кўрсаткич Қаҳрамонмарашда неча фоизни ташкил этишини сўраганда ҳоким контейнер-шаҳарчанинг 68 962 таси туман марказларида, яна шунчаси қишлоқларда ташкил этилганини қайд этди.

Маълумотга кўра, Қаҳраманмарош географик жойлашувига нисбатан Анадолунинг йирик стратегик шаҳри ҳисобланади. Ҳарран университети Каҳрамонмараш музей директорлиги раислигида Археология кафедраси илмий консалтинг қошидаги “Зилзила археологияси” зилзила қолдиғини ажратиш доирасида қазиш ишларини олиб бормоқда.

Куннинг иккинчи ярмида делегациялар вилоят ҳокимлиги масъуллари ҳамроҳлигида Қаҳрамонмарашда янги қурилган кўп қаватли уйларни бориб кўрди. Куни кеча Президент Режеп Таййип Эрдоған иштирокида 9289 хонадон калитлари эгаларига топширилган. Йил якунига қадар 30 мингга яқин уй-жой қуриб, битказилади. Зилзиладан кейин юзага келган электр узатиш тизимидаги носозликни бартараф этиш, чодирдан қурилган уй ва контейнер-шаҳарчаларни энергия билан таъминлаш жараёнида мамлакатнинг турли минтақаларидан жалб қилинган ёрдам гуруҳлари жами 917 нафар шахсий таркиб ва ​​164 техника билан иштирок этгани алоҳида таъкидланди.

Журналистлар аҳоли истиқомат қилиб турган контейнер-шаҳарчадаги шарт-шароит, жумладан таълим олиш учун яратилган имконият, спорт майдончалари, уйингоҳларни кўздан кечирди, шинам хонадонларда меҳмон бўлди.

10 та шундай “Контейнер Сити” бошланғич мактаби ва умумтаълим мактаби 4515 ўқувчига мўлжалланган.

Маълумот ўрнида қайд этиш керак, шаҳарда зилзиладан кейин жамоатчилик номидан 5 та 400 ўринли Қаҳрамонмарош шошилинч шифохонаси ишга туширилган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан инвестиция дастурига киритилган минг ўринли шаҳар шифохонаси лойиҳаси 2024 йил февралда тендерга қўйилиши режалаштирилган.

Пресс-турнинг иккинчи куни Адияманда, охирги кун Малатия вилоятида бўламиз. Бизни кузатиб боринг, ҳудудлардаги жорий ҳолат, ҳукумат томонидан олиб борилаётган кенг қамровли ишлар хусусида маълумотлар бериб борамиз.

Беҳруз Худойбердиев, Нозимжон Мардонов (фото, видео), ЎзА

Қаҳрамонмараш, Туркия