Украина Президенти Владимир Зеленский 8 февраль куни мамлакат армияси бошлиғини қуруқликдаги кучлар қўмондони билан алмаштирди. Бу воқеа Россия билан қарийб икки йилдан бери давом этиб келаётган зиддият фонида рўй берди.
Ҳарбий раҳбариятдаги жиддий ўзгариш кўплаб украиналиклар наздида миллий қаҳрамон сифатида кўриладиган армия бошлиғи генерал Валерий Залужний ва Президент Зеленский ўртасидаги келишмовчилик ҳақида бир неча ойдан бери давом этиб келаётган миш-миш ортидан юзага келди.
– Бугундан бошлаб Украина Қуролли Кучлари раҳбарлигини янги бошқарув жамоаси ўз зиммасига олди, – деган Зеленский баёнотида.
У армиянинг янги раҳбари этиб генерал-полковник Aлександр Сирскийни тайинлади.
Қуруқликдаги қўшинларга қўмондонлик қилиб келган Сирский дарҳол ишга киришган, чунки Киев Қўшма Штатлар бир неча ойдан бери сиёсий можаро туфайли кечиктираётган муҳим ҳарбий ёрдамни кутяпти.
Украина армияни сафарбар қилиш дастурини жадал ислоҳ қилиш учун курашаётган бир пайтда, генерал Залужнийнинг ишдан олиниши фронтдаги қўшинлар руҳий ҳолатига зарба бериши мумкин. Айни вазият, ҳатто, Зеленскийнинг рейтингига салбий таъсир кўрсатувчи сиёсий оқибатга ҳам олиб келиши мумкин.
Сўровномага кўра, “темир генерал” сифатида танилган Залужний жамоатчилик ишончини 90 фоиздан ортиқроқ даражада қозонганини кўрсатмоқда. Бу Президент Зеленскийнинг 2023 йил охиридаги 77 фоизлик рейтингидан анча юқори.
Воқеалар Зеленский ва генерал Залужний ҳарбий раҳбариятдаги ўзгаришларни муҳокама қилиш пайтидан ривожлана бошлаган. Ўшанда етакчи қўмондондан “ўз жамоасида” қолишни сўраган. Генерал эса Зеленский билан “муҳим ва жиддий суҳбат” ўтказгани, жанг майдонида тактика, стратегияни ўзгартириш тўғрисида янги қарор қабул қилинганини айтади.
– 2024 йил вазифалари 2022 йилдагидан фарқ қилади, шунинг учун ҳар бир инсон ўзгариши, ғалаба қозониш учун янги воқеликка мослашиши керак, – дейилади унинг баёнотида.
Россия ҳаво зарбаси Киев ва Николаевда беш кишининг ҳаётига зомин бўлди
Чоршанба куни эрталаб Россия ракеталари ва учувчисиз учоқлари Украина бўйлаб шаҳарларни нишонга олди. Ҳужум натижасида камида 5 киши ҳалок бўлди, ўнлаб одамлар яраланди, деб хабар берди Украина расмийлари.
Киев жануби-ғарбидаги Холосиевский туманида кўп қаватли уй портлаб, 4 киши қурбон берилди.
Расмийларга кўра, жанубдаги Николаев шаҳрида ҳам 1 киши ҳаётдан кўз юмган.
Мамлакат аҳолиси огоҳлантирилди, ҳужумлар Львовгача, Польша чегараси яқинидаги ҳудудларгача хавф солмоқда.
Украина собиқ Бош қўмондони Валерий Залужний таъкидлашича, Россия жами 64 та ракета ва учувчисиз учоқ отган, шундан 44 таси уриб туширилган. Украина ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, қанотли ракеталар ғарбий Львов, Тернополь ва Ивано-Франковск вилоятлари тепасида кузатилган.
Киев мэри Виталий Кличко уриб туширилган қуроллар электр узатиш тизимига зарар етказган ва оқибатда пойтахтнинг айрим хонадонлари электрсиз қолган.
– Николаевда шифохонага олиб кетилган киши жароҳат туфайли вафот этди, – деди шаҳар мэри Александр Сенкевич. – Ҳужумдан сўнг яраланганларга воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилди.
Харьковда ҳам портлаш эшитилгани, инфратузилмага муайян даражада зарар етгани ҳақида ҳарбий маъмурият хабар тарқатди.
БМТ Россияни украиналик болаларни
“мажбурий кўчириш”ни тўхтатишга чақирмоқда
Киев 20 минг бола оиласи ёки васийлари розилигисиз Украинадан Россияга олиб кетилганини даъво қилмоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бола ҳуқуқи бўйича қўмитаси Россияни украин болаларини чегарадан мажбуран ўтказишни тўхтатиш, уларни оиласига қайтаришга чақирди.
2022 йил февралда Украинага нисбатан амалиёт бошлаган Россия “эвакуация қилинган болаларни жойлаштириш учун биринчи навбатда уларнинг илтимоси инобатга олинади, розилиги сўралади” дея баёнот берганди.
Ўз навбатида Халқаро жиноят суди Президент Путинни болаларни ноқонуний депортация қилишда айбламоқда. Кремль эса бу иддаони доим рад этиб келади.
Россия Болалар ҳуқуқи бўйича комиссари Мария Львова-Белова ҳам Украинадан болаларни ўғирлашда айбланмоқда.
БМТ қўмитаси Москвадан Львова-Беловага қарши уруш жинояти айбловини текширишни талаб қилди. Украинадан қанча бола олиб кетилгани, улар қаерда яшаётгани ҳақида маълумот беришни сўради.
Россия фақат заиф болаларни низо ҳудудидан ҳимоя қилганини таъкидлаган.
Январь ойида Женевада бўлиб ўтган тингловда Россия делегацияси раҳбари, меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазири ўринбосари Aлексей Вовченко украиналиклар ўз мамлакатидан мажбуран олиб чиқилганини инкор қилди. Унинг айтишича, Украинанинг 4,8 миллион аҳолиси, жумладан 770 минг бола Россия томонидан қабул қилинган.
БМТ қўмитаси раиси Энн Скелтон айтишича, йиғилишда Россия делегацияси билан фикрлар қарама-қаршилиги кузатилган.
Ўтган йил БМТ Украинадаги мактаб ва шифохоналарга ҳужум чоғида ҳалок бўлган ўғил-қизларга ишора қилиб, Россияни болалар ҳуқуқини бузаётган давлатлар рўйхатига киритган.
Ўткир Мирзо тайёрлади.
ЎзА