Бугун божхона органларида мамлакатимизнинг иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, пост орқали ҳаракатланаётган фуқаролар ҳамда автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ва назоратининг тез, самарали амалга оширилишини таъминлаш, божхона чегаралари орқали ноқонуний товар-моддий бойликларнинг ҳаракатланишини олдини олиш мақсадида замонавий ахборот технологияларидан кенг кўламда фойдаланилмоқда.

Хусусан, божхона чегарасига кириб келган автотранспорт воситаси ҳаракатни тўхтатмасдан тегишли жойга етиб келгунга қадар постда ўрнатилган автотранспорт воситасининг давлат рақамини аниқлаш тизими, радиацион портал монитор ва электрон тарозилар ўз вазифаларини автоматик тарзда қайд қилиб олади. Инспекцион кўрик мажмуаси эса автотранспорт воситасини сканерлаб, божхона назоратининг тез ва самарали амалга оширилишида катта аҳамиятга эга қурилма саналади.

Жорий этилган автоматлаштирилган ахборот тизимлари натижасида эса пост орқали ҳаракатланаётган йўловчиларга янада қулай шароит яратилиб, тирбандликлар юзага келишининг олди олинмоқда. Олдиндан тақдим этилган маълумотларнинг электрон базаси орқали “Е транзит” дастурида пост орқали ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви ўртача 15-20 дақиқада амалга оширилишига эришилмоқда. Йўловчи фуқаролар ҳам ҳеч қандай тўсиқларсиз қисқа муддатда кўзлаган манзили томон кузатиб қўйилмоқда.

Сарҳадларда тун-у кун эл-юрт осойишталиги, аҳоли фаровонлиги йўлида хизмат қилаётган содиқ божхоначилар томонидан яширин иқтисодиётнинг олдини олиш, контрабандага қарши курашиш борасида ўтказилган тадбирлар натижасида 12,5 миллиард сўмлик ноқонуний товар моддий бойлик,  0,9 кг гиёҳвандлик воситаси, 408 дона кучли таъсир қилувчи восита, 1219 дона психотроп модда, шунингдек, ов милтиғи, гильза ва капсюлалар, сифати кафолатланмаган алкогол маҳсулотлари ашёвий далил тариқасида олинди.

2023 йил август ойидан бошлаб темир йўл транспортида ҳаракатланувчи юкларни “E-TRANZIT RW” дастури орқали расмийлаштириш йўлга қўйилиши натижасида божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақт 6 соатдан 3 соатга қисқаришига эришилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, божхона пости темир йўл юк вагонларини инспекцион кўрик мажмуасидан ўтказиш учун “Rapiscan-R60” русумли катта ҳажмли сканер қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, юклар текширув аппаратидан ўтказилади ва дастур орқали назорат ўрнатилади. Инспекцион кўрик мажмуаси орқали текширилгандан шубҳа уйғотган вагонлар 17 тани ташкил этиб, белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказиш натижасида 13 та ҳолатда тафовут аниқланди.

Сирасини айтганда, мамлакатимизда инсон қадри тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар божхона постлари фаолияти мисолида ҳам ўз аксини топмоқда. Бу ерда фуқаролар ва юкларнинг эркин ҳаракати учун яратилган шароитлар ҳалқаро иқтисодий алоқалар ва мамлакатимиз ташқи савдо айланмасининг ривожи учун таянч бўлади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА мухбири.