Туркия Буюк миллат мажлиси (парламент) Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши бўйича ҳужжатни маъқуллади, жараённи давлатга қарашли “TRT Haber” телеканали намойиш қилиб борди.
Аниқлик киритилишича, ушбу ташаббусни 346 депутатдан 287 нафари қўллаб-қувватлаган, 55 депутат қарши чиққан, тўрт нафар ноиб овоз беришга қўшилмаган. Энди Президент Режеп Таййип Эрдоған шу ҳақдаги фармонни имзолагандан кейин қарор кучга киради. Ҳужжат ҳукуматга қарашли “Resmi Gazete” нашрида эълон қилинади. Давлат раҳбарида фармонни 15 кун ичида кўриб чиқиб, имзолаш ҳуқуқи бор.
Маълумки, Швеция 2022 йил май ойида Финляндия билан бирга Шимолий альянсга аъзо бўлиш учун ариза тақдим этган. Финляндия ўтган йил 4 апрелда 31-аъзога айланди. Швеция номзодини эса Венгрия ва Туркия маъқулламади. Шундан буён Стокгольмнинг ҳаракати чўзилиб келаётган эди. Анқара Швеция терроризмга қарши кураш бўйича ваъдасини бажарсагина, ҳужжатни ратификация қилишини айтиб келди. Июль ойида Европа Иттифоқи аъзоси ҳисобланган Швеция Туркиянинг ҳамжамиятга аъзо бўлиш жараёнини фаоллаштиришга сўз берди. Шундан кейин Туркия ҳам НАТОга аъзолик сўровини ратификация қилишга розилик билдирди.
Дарвоқе, ўшанда Шимолий альянс раҳбари Йенс Столтенберг Скандинавия мамлакатлари НАТОга аъзо бўлиши ва Анқаранинг иттифоққа кириши “бир-бирига боғлиқ эмас” деган.
“Франс Пресс” агентлиги ёзишича, НАТО Бош котиби Туркиянинг Швеция аъзолигини ратификация қилганини ижобий воқеа сифатида қаршилади ва Венгрия ҳам ратификация жараёнини тезроқ якунлашига умид билдирди.
Венгрия томони қиролликни НАТОга қабул қилиш бўйича овоз беришни кейинга қолдириб, Стокгольм Будапешт билан муносабатга путур етказиб келмоқда, доим “маънавий устунлиги”ни кўрсатишга ҳаракат қилади, дея таъкидлади.
Туркия парламенти қарорини АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам қўллаб-қувватлади. “Бу АҚШ учун муҳим устуворлик”, – деб ёзди у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Салливан Швеция кучли мудофаа ҳамкори бўлишини таъкидлаб, ушбу давлатнинг НАТО фаолиятидаги иштироки АҚШ ва Шимолий альянсни янада қудратли, хавфсиз қилади, деб таъкидлади.
Россия Швециянинг Шимолий альянс сафига қабул қилиниши бўйича муносабатни узоқ куттирмади. Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу воқеа салбий оқибатга олиб келишини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Москва Финляндиянинг қўшилиши якунланиши асносида ишлаб чиқилган тадбирларга ўхшаш чоралар Швецияга нисбатан ҳам қўлланади.
С.Раҳимов,
ЎзА