Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган ҳафталик режада белгиланган вазифалар доирасида сув хўжалиги объектларида қурилиш ва реконструкция ишларини муҳокама этиш ҳамда келгуси вазифаларни белгилаб олиш юзасидан Хўжайли туманидаги “Ширин-жап” каналида бошланган бетонлаш ишлари масъуллар иштирокида ўрганилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, “Қорақалпоғистонсувқурилишинвест” давлат муассасаси масъул раҳбарлари ва пудратчи қурувчи ташкилот раҳбарлари ҳамда лойиҳачи масъуллар мазкур канални бетонлашга тайёрланаётган қисмидан бетонлашгача бўлган жараёнларни кўздан кечирди.
Ўрганиш давомида “Бунёдкор Жанубий СҚБ” масъулияти чекланган жамият раҳбари Д.Юсупов мазкур канални бетонлаш ишларини сифатли ва барча ишлар лойиҳада кўрсатилган талаблар асосида амалга оширилиши учун тажрибали мутахассислар ва барча зарур техникаларни ушбу объектга жалб қилганини таъкидлаб ўтди.
Таъкидланганидек, “Ширин-жап” каналини реконструкция қилиш ҳукуматимизнинг тегишли қарори асосида 2024 йилнинг давлат дастурига киритилган. Бугунги кунгача объектда бош пудратчи “Бунёдкор Жанубий СҚБ” масъулияти чекланган жамият томонидан 2,8 километр узунликда 4 минг 458 метр куб тупроқ-қазиш бетонлаш ишларига тайёргарлик, шундан 538 метр узунликда каналда 279,0 метр куб бетонлаш ишлари амалга оширилди. Объектда жами 10 дона махсус техника ҳамда 80 нафардан ортиқ ишчи-ходим иш олиб бормоқда.
Хўжайли туманидаги “Ширин жап” канали 1993 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, узунлиги 3 километрни, лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 1,5 метр кубни ташкил қилади. Канал “Суенли” магистрал каналидан сув олиб, тумандаги “Мустақиллик”, “Саришунгул” ва “Амударё” овул фуқаролар йиғинлари ҳудудидаги фермерлар ҳамда аҳолининг томорқа майдонларини сув билан таъминлайди.
Бугунги кунда каналнинг тубини лойқа босган, қирғоқларнинг айрим жойлари емирилган ва қирғоқларида дарахтлар ўсиб каналнинг кўлами кичрайиши ҳисобига сув ўтказиш қобилияти секундига 0,5 метр кубга пасайганлиги сабабли, фойдали иш коэффициенти 65 фоизгача тушиб қолган. Натижада ушбу каналга боғланган фермер ва аҳоли томорқалари ер майдонларини кафолатли сув билан таъминлашда муаммолар вужудга келиб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳосилдорликка салбий таъсир кўрсатаётган эди.
Мазкур каналнинг бош қисмида сув ўтказиш қобилияти секундига 1,5 метр кубга етказилса, фойдали иш коэффициенти 0,65-0,90 фоизга кўтарилади. Натижада сувнинг тезлиги ошиши ҳамда филтрациянинг олди олиниши натижасида йилига ўртача 1,5 миллион метр куб сув иқтисод қилиниб, 23 та фермер хўжалигининг жами 1 минг 670 гектар ер майдони кафолатли сув билан таъминланишига эришилади.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.