Жамоатчиликнинг кенг муҳокамаларига сабаб бўлаётган пойтахт атмосфера ҳавосининг ифлосланиши бугунги куннинг энг долзарб масаласига айланди. Дарҳақиқат, сўнгги пайтларда Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани, тегишли рейтингларда “қизил” кўрсаткичлар қайд этилаётгани кузатилмоқда. Бу эса жамоатчиликнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон экологик ҳаракати Марказий кенгаши, Тошкент давлат транспорт университети, Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси ҳамкорлигида Тошкент шаҳри ҳавоси ифлосланишининг сабаблари ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳамда келгуси режаларга бағишланган жамоатчилик эшитуви ўтказилди.

Тадбирда кенг муҳокамаларга сабаб бўлаётган атмосфера ҳавосининг ифлосланиши сабаблари ва унинг олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар қизғин муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳавонинг ифлосланиши инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатиб, аллергия ва нафас олиш тизими касалликларини келтириб чиқарувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Маълумотларга кўра, бундан бир неча йиллар аввал йилига 10 мингга яқин онкологик касалликлар аниқланган бўлса, ҳозирга келиб бу кўрсаткич 25 мингга яқинлашди. Бунда экологик муаммолар, ҳавонинг ифлосланиши асосий омил бўлаётгани алоҳида таъкидланди.

— Мамлакатимизда экологик муаммоларни бартараф этиш, атмосфера ҳавоси ифлосланишининг олидини олиш борасига кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, — дейди Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари ва экология қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов. — Аммо шунга қарамай, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражаси ортиб бормоқда. Бунга табиий ва антропоген омиллар сабаб бўлмоқда. Ушбу тадбир давомида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар ўз йўналишида ушбу муаммоларни ҳал этиш юзасидан таклифларини, чора-тадбирлар режасини бериши лозимлиги айтилди. Шулар асосида Ҳукуматга аниқ чоралар кўриш, қарорлар қабул қилиш юзасидан тақдимнома киритилади.

Жамоатчилик эшитувида соҳа мутахассислари, сенатор ва депутатлар атмосфера ҳавоси бузилишининг асосий омиллари ҳақида тўхталиб, бу  борада бир қатор таклифларни билдирди. Эшитув якунида Тошкент шаҳри ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилиб, Ҳукуматга тақдим этишга келишиб олинди.

Муҳтарама Комилова,  

Дониёр Якубов (видео),  

ЎзА