Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида олий таълим соҳасидаги муносабат йилдан йилга ривожланиб бормоқда. Бу алоқалар мамлакатимиз Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги билан ХХР таълим вазирлиги имзолаган “Олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида”ги битимга асосланади. Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Конфуций институтини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ҳам мазкур ҳамкорликнинг асосий ҳужжатларидан ҳисобланади.

Айни жараёнда Тошкент давлат шарқшунослик университети муҳим ўрин эгаллайди. Мазкур билим даргоҳида мамлакатимиз шарқшунослик таълими илк давридан бошлаб хитой тили асосий шарқ тили сифатида ўқитиб келинади. Бу ерда хитой тилини чуқур эгаллаган юқори малакали кадрлар хитой филологияси, таржимашунослик, журналистика, гид ҳамроҳлиги, туризм, тарих, халқаро муносабатлар, хитой иқтисодиёти ва сиёсати ихтисосликлари бўйича мутахассис тайёрланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қарорига мувофиқ, 2014 йил ТДШУда Хитойшунослик факультети ташкил этилиб, ҳозир қарийб 800 нафар ёш хитой тили мутахассислиги бўйича таълим олмоқда. Шунингдек, унверситетда Ўзбек – Хитой илмий маркази, Ганьсу – ЮНЕСКО, Ланжоу унверситети маданият алмашинув, Шанхай унверситети ижодкорлик марказлари фаолият юритяпти. Марказларда хитой тили, ёзуви, тарихи ва тарихшунослиги, адабиёти, сиёсати, иқтисодитиёти, ушбу мамлакатнинг халқаро муносабатлардаги ўрнига оид тадқиқот олиб борилмоқда.

ТДШУ ва университет ҳузуридаги Конфуций номли ўзбек-хитой институти ҳамкорлигида ҳар йили анъанавий тарзда “Ўзбекистон – Хитой: тарихий-маданий, илмий ва иқтисодий алоқалар ривожи” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилади. Анжуманда тилшунослик, тарих, фалсафа ва маданият, таржимашунослик, адабиётшунослик ва манбашунослик, иқтисодиёт соҳаларидаги муносабат масалалари мунтазам муҳокама қилиб келинмоқда.

– 2023 йил Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда Хитойнинг етакчи университетлари ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилди, – дейди кафедра мудири, доцент Наргиза Исматуллаева. – Йил давомида илм масканига бу юртдан ўнга яқин расмий делегация ташриф буюрди. Университет ва ХХР олий таълим ҳамда илмий-тадқиқот муассасалари ўртасида имзоланган меморандум, битимлар 17 тага етди. 50 нафарга яқин профессор-ўқитувчи, талабалар Хитойда ўқиш, малака оширишга юборилди. Хусусан, 2024 йил 2-16 январь кунлари ТДШУ профессор-ўқитувчилари ва университет қошидаги академик лицей ўқитувчилари Хинжиан педагогика университетида махсус икки ҳафталик қайта тайёрлаш курсида малака оширди.

Давлатимиз раҳбарининг Хитойга навбатдаги ташрифи давомида яна кўплаб ҳамкорлик битимлари, шартнома ва муҳим ҳужжатлар имзоланиши кутиляпти. Хусусан, Ўзбекистон – Хитой таълим форуми доирасида ТДШУ етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик доирасини янада кенгайтириб, тўртта муҳим ҳужжат – Шанси педагогика, Ганьсу сиёсатшунослик ва ҳуқуқ ҳамда Ланчжоу университетлари Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳамда ўртасидаги ҳамкорлик меморандумларини имзолади.

Шунингдек, Пекин тил ва маданият университети билан талабалар алмашинуви бўйича шартнома расмийлаштирилди.

Бу саъй-ҳаракатлар давлатларимиз ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш баробарида икки давлат ёшлари билими ва тажрибасини ошириш, замон талабига мос кадрлар тайёрлашга хизмат қилади.

Гўзал Сатторова, ЎзА