Ҳуқуқий муносабат

“Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 21-моддасига кўра, хўжалик юритувчи субъектлар ёки уларнинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахслар томонидан рақобатчиларга нисбатан инсофсиз рақобатни амалга ошириш тақиқланади. Жумладан, рақобатчини обрўсизлантириш, яъни рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатиши мумкин эмас.

Бу ҳақда “BUSINESS LAWYERS GROUP” адвокатлик фирмаси адвокати Мухриддин Шамсиддинов батафсил маълумот берди.

– “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг мақсади товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонунга кўра, рақобатчининг ишчанлик обрўсига путур етказиши мумкин бўлган, у сотувга таклиф қилаётган товарнинг сифати ва истеъмол хоссалари тўғрисида нотўғри маълумотларни бериш ҳам ман этилади.

Шунингдек, мазкур товарни тайёрлаш ҳамда ундан фойдаланиш усуллари ва шароитлари ҳақида, ундан фойдаланишдан кутилаётган натижалар тўғрисида, товарнинг муайян мақсадларга яроқлилиги ҳақида, товарни сотувга таклиф этиш шартлари, шу жумладан унинг нархи тўғрисида ёлғон, ноаниқ ёки бузиб кўрсатилган маълумотларни тарқатиш ҳам мумкин эмас.

Шу билан бирга, нотўғри таққослаш, жумладан, рақобатчи хўжалик юритувчи субъектни ёки унинг товарини товарнинг устунлиги ҳақида тасаввур ҳосил қилувчи сўзлардан ёки рамзлардан товарнинг холисона тасдиққа эга бўлган тавсифини ёки таққослаш параметрларини кўрсатмаган ҳолда фойдаланиб таққослаш тақиқланади.

Товарнинг хусусияти, ишлаб чиқарилиш усули ва жойи, истеъмол хоссалари, нархи ва сифати, ишлаб чиқарувчининг (бажарувчининг) кафолат мажбуриятлари хусусида истеъмолчиларни чалғитиш, тижорат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни, шу жумладан фан-техникага, ишлаб чиқаришга ёки савдога оид ахборотни эгасининг розилигисиз олиш, ундан фойдаланиш, уни ошкор этиш ҳамда товар ёки молия бозорига рақобатчи хўжалик юритувчи субъектнинг киришига тўсқинлик қилишга ёки уни бозордан четлаштиришга олиб келувчи ҳаракатларни содир этиш ҳам қонунга хилоф ҳисобланади.

Гулноза Бобоева, ЎзА