2024 йил Украина 40 миллиард долларлик бюджет тақчиллигига учрайди, иш ҳақи, пенсия ва субсидияларни тўлашдан бош тортиш Зеленский учун оғир оқибатларга олиб келади, деб ёзган “Wall Street Journal”.
Украина расмийларига таянилган хабарда айтилишича, Киев Қўшма Штатлар ва Европа Иттифоқи ёрдамисиз молиявий таъминотга эришиш учун жиддий чоралар кўриши керак бўлади: масалан, иш ҳақи тўлашни тўхтатиши ва бюджет тақчиллигини қоплаш учун пул чоп этишни бошлаши мумкин.
Жорий тақчиллик 2023 йилдагидан бир оз камроқ, дея эслатади нашр. Ҳукумат ишни давом эттириши, аҳолига маош, пенсия ва субсидия тўлаши учун пул зарур. АҚШ ва ЕИ ажратадиган маблағ бу миқдорнинг, тахминан, 30 миллиард долларини қоплаши кутилган эди. Афсуски, Конгрессда кузатилган демократлар ва республикачилар ўртасидаги келишмовчилик туфайли Вашингтондан келадиган ёрдам кечикди, Евроиттифоқдан 2027 йилгача мўлжалланган 50 миллиард евро макромолиявий ёрдам эса Венгрия томонидан тўхтатилди. Украина Молия вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда банклар фойдасига солиқ жорий этилган, тушумнинг бир қисми қайта тақсимланади ва февралгача бюджет харажатини қоплайдиган ички қарз яна кўпайиши кутилади.
Вазир ўринбосари Олга Зикова фикрича, айни чора чекланган таъсирга эга, Киевнинг ҳамкорлари мамлакатга зудлик билан қўшимча ёрдам кераклигини тушуниб етишади.
– Ёрдам тезда етиб келмаса, ҳукумат нақд пулни сақлаб қолиш учун қўшимча чора кўришга мажбур бўлади, – деб ёзди “WSJ”. – Ҳарбий ёрдам кечикиши, қарши ҳужумдаги муваффақиятсизликдан кейин, мамлакатнинг ҳарбий қобилиятига жиддий зарба беради. Киев маошни кечиктириш ёки маҳаллий банклар ва инвесторлардан кўпроқ қарз олиш орқали яна бир неча ой ўзини “ушлаб туриши” мумкин. Вазият шу зайл давом этса, Украина пул чоп этишга мажбур бўлади, бу стратегия эса “Венсуэлада бўлгани каби иқтисодий инқирозга олиб келади.
Киев иқтисодиёт мактаби эксперти Наталья Шаповал ҳам Украинада пул чоп этиладиган босмахонани ишга тушириш зарурати бор, деди.
Мамлакат ҳозир, деярли, бор ресурсни мудофаага сарфламоқда. Киев 2024 йил яна юз минглаб одамни ҳарб ишига сафарбар этиш ниятида экан, соҳага йўналтириладиган харажат янада кўпайиши тайин.
Шаповалнинг сўзларига кўра, ҳар бир ҳарбий хизматчи Украина бюджетига 1 миллион гривна ёки йилига 26 минг долларга тушмоқда.
Урушнинг биринчи йилида Украина Марказий банки Молия вазирлигидан облигация сотиб олгани инфляция кучайиши, валюта қиймати тушиши, фуқаролар ва сармоядорларнинг иқтисодиётга ишончи йўқолишига олиб келади, дея тахмин қилмоқда журналистлар.
Айрим манбалар Президент Зеленскийни оғир сиёсий оқибатлар кутаётгани ҳақида гапиряпти:
– Пенсия тўловини кечиктириш ёки электр энергияси харажати учун субсидияни қисқартириш мамлакатнинг камбағал қатламига зарба беради, импорт харажатини чеклаш эса ҳамон хорижий автомобил ёки қимматбаҳо буюмлар сотиб олаётган ўзига тўқ украиналикларда норозилик уйғотади.
Мақолада ёзилишича, Россиянинг кучли иқтисодиёти, гарчи Ғарб санкцияси остида бўлса-да, Москва нефтга янги харидорлар топиб, ички ресурсни ҳарбий тизимга йўналтиргани боис тикланди.
Дарвоқе, АҚШда Украинага ёрдамни мувофиқлаштириш билан боғлиқ муаммо юзага келган бир пайтда, ЕИ Киевга миллиардлаб долларлик ҳарбий кўмак ажратиш имконини берувчи янги режа ишлаб чиқаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Мазкур лойиҳа 1 февраль куни ташкилот саммитида муҳокама қилиниши кутиляпти. Бинобарин, якуний қарор қабул қилиш жараёни бироз чўзилиши мумкин.
Кенжа Бекжонов, ЎзА