Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасидаги ҳамкорлик хусусида Тошкент давлат шарқшунослик университети профессори Сайфиддин Жўраев ўз таҳлилий қарашлари билан ўртоқлашди. Эксперт сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли алоқаларнинг ривожланиш омиллари ва истиқболи юзасидан ҳам фикр юритди.
Сайфиддин ака, суҳбатимизни Ўзбекистон – Хитой муносабатлари тарихидан бошласак…
Эътироф этиш керак, кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар тарихида янги саҳифа очилди. Бинобарин, XXI асрнинг қудратли давлатларидан бири саналган Хитой билан сиёсий, иқтисодий, савдо, илм-фан ва маданий соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш мамлакатимиз учун жуда муҳим.
Тарихга назар солсак, Истиқлолимизнинг илк кунларида, яъни 1991 йил 27 декабрь куни Хитой Халқ Республикаси Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигини тан олгани, 1992 йил 2 январда икки давлат ўртасида дипломатик муносабат ўрнатилганига гувоҳ бўламиз. 1992 йил октябрда Тошкентда ХХР элчихонаси, 1995 йил май ойида Пекинда Ўзбекистон элчихонаси фаолият кўрсата бошлаган. Сўнгги йилларда бу ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги даражага чиқди.
Хитой Ўзбекистонга нисбатан ташқи сиёсатда ўзаро манфаатли ва кўп қиррали муносабатни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Шериклик янада мустаҳкамланиши Ўзбекистоннинг Жануби-шарқий Осиё давлатлари билан муносабати ривожида алоҳида аҳамият касб этади.
Ўзбекистон – Хитой муносабатлари жадал суръатда ривожланиш, мустаҳкам ҳуқуқий асос, кенг ташкилий тузилма ва барча даражадаги фаол алоқалар билан ажралиб туради. Айниқса, 2017 йилдан бошлаб ўзаро алоқалар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Шу давр ичида икки давлат раҳбарлари 21 марта, фақат ўтган йилнинг ўзида 3 марта учрашди. Бу мавжуд ришталар янада мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Хитой жаҳон иқтисодиёти маёғи саналади. Ўн йиллик тажрибага эга “Бир макон, бир йўл” ташаббуси тарихан қисқа давр ичида умумий тараққиёт ва равнаққа эришиш йўлидаги ҳамкорлик учун муҳим, инклюзив ва очиқ платформага айланди. Бу жараён Ўзбекистонда қай даражада сезилди?
Замонавий дунё тараққиётида Хитойнинг улуши, салмоғи ортиб боряпти. Бугунги кунда ушбу мамлакат иқтисодий жиҳатдан ривожланган давлатлар орасида АҚШ дан кейин иккинчи ўринни эгаллаган. Бундай даражага чиқиш, жумладан, демографик омил, яъни аҳоли сони кўплиги, ҳудуд улканлиги, океан қирғоғидаги жойлашув билан ҳам боғлиқ.
Ўзбекистоннинг Хитой билан муносабатида ҳам юксалиш яққол кўзга ташаланади. Масалан, кейинги йилларда юртимизга кириб келган Хитой инвестицияси 5 баробар, мазкур давлат билан қўшма корхоналаримиз сони 3 баробар кўпайган. 2023 йилнинг 11 ойида 11 миллиард долларга яқин қийматга тенг савдо-иқтисодий алоқа қайд этилди. Ҳозир диёримизда Хитой капитали иштирокида ташкил этилган икки минг корхона ишлаяпти. Бу жиддий кўрсаткич. Ўзбекистонлик тадбиркорлар, ишлаб чиқариш корхоналари ҳам Хитойда кенг кўламли фаолият юритмоқда. Хусусан, қишлоқ хўжалиги, илғор технологиялар, инновация соҳаларида алоқалар кучайиб боряпти. Ҳозир Хитой инновацион технологиялар, айниқса сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда янги иқтисодиётни шакллантириш бўйича анча илгарилаб кетди. Ушбу соҳалар бўйича икки томонлама алоқани янада ривожлантириш долзарб ҳисобланади.
Жаҳон ахборот маконида, жумладан Ўзбекистон – Хитой муносабатида ўзбек миллий контентининг ўрни қандай?
Ўзбекистон жаҳон ахборот маконида ўз миллий контентига эгалигини, айниқса, электрон оммавий ахборот воситалари ёрдамида тарқатилаётган янгиликлардан билиш мумкин. Зеро, куннинг долзарб мавзуси – Ўзбекистон – Хитой муносабатлари ёритилган мақола ёинки хабарлар бутун дунёда, хусусан Хитойда кенг муҳокама этилмоқда. Икки томонлама алоқаларга бағишланган материаллар, аҳоли сонидан келиб чиқадиган бўлсак, 2 миллиардлик аудиторияни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирмоқда. Биз ҳақимизда бутун дунё биляпти. Дунёнинг ривожланган мамлакатлари, Европа ва Осиё мамлакатлари ҳам Ўзбекистон тўғрисида ахборот оляпти.
Си Цзиньпин ёзганидек, “Хитой ва Ўзбекистон буюк тамаддунга эга қадимий давлатлар. Буюк ипак йўли халқларимизнинг 2000 йилдан зиёд вақт давомидаги дўстона алоқаларидан дарак беради. Ўзбекистон – Марказий Осиё юрагида жойлашган йирик давлат. Алоҳида таъкидлаш керак, Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўзбек халқи Янги Ўзбекистонни барпо этиш сари буюк йўлга тушиб олди. Турли соҳалардаги ислоҳотлар ва тараққиёт суръати жадал тус олди. Мамлакат мутлақо янги қиёфага эга бўлди, республиканинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли равишда мустаҳкамланди. Самимий дўст ва ҳар томонлама стратегик ҳамкор сифатида муваффақиятларингиз бизни чин юракдан қувонтиради”.
Жадал ривожланаётган таълим соҳасидаги ҳамкорлик, идоралараро алоқалар доирасида талаба ва амалиётчилар алмашинуви йўлга қўйилганига ҳам тўхталсангиз.
Авваллари Хитой деганда фақат Хитой чиниси кўз олдимизга келарди. Кейинги йилларда икки давлат раҳбарлари олиб бораётган оқилона сиёсат туфайли ҳар томонлама стратегик шериклик жараёни юксак босқичга кўтарилди. “Бир макон, бир йўл” лойиҳаси азалий дўстлик риштасини тобора мустаҳкам боғлаб, авлоддан-авлодга етиб боришини таъминлашга замин яратмоқда. Таълим соҳасида ҳам Хитой Ўзбекистоннинг энг яқин шерикларидан биридир.
Хитой тили миллий таълим соҳасидаги 8 та устувор хорижий тиллар рўйхатига киритилган. Бугунги кунда Чин мамлакати Тошкент давлат шарқшунослик, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетлари, Наманган муҳандислик-технология институти, Бухоро давлат университети сингари 18 олий ўқув юрти билан расман ҳамкорлик қилиб келяпти. Иккита Конфуций институти ўзбекистонликларни хитой тили ва маданияти билан яқиндан таништириб келмоқда. Хитой Марказий миллатлар университети ва Пекин чет тиллар университетида ўзбек тилини ўқитиш йўлга қўйилган. Нуфузли ўқув академик муассасаларидан бири ҳисобланган Шанхай Халқаро тадқиқотлар университетида алоҳида ўзбек тили кафедраси фаолият кўрсатмоқда. Икки томонлама келишувга мувофиқ ва ШҲТ доирасида ХХР ҳукумати ўзбекистонлик талаба ва стажёрларга мунтазам грантлар ажратяпти.
Умуман, Ўзбекистон – Хитой муносабати ШҲТ доирасида самарали ривожланмоқда. Чунончи, Ўзбекистон ҳақли равишда нуфузли халқаро ташкилотлар қаторидан муносиб жой олиб, барқарор тараққиёт, тинчликни мустаҳкамлаш, замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш, минтақавий ва глобал даражада хавфсизликни таъминлашнинг таъсирчан омилига айланди. Бир сўз билан айтганда, алоқаларнинг ҳозирги ҳолати давлатларимиз бир-бири билан узоқ муддатли стратегик ҳамкор эканидан далолат. Энг муҳими, айни ҳолат икки мамлакат халқлари миллий манфаатига, қолаверса ҳозирги замон талабларига тўла мос. Икки мамлакат ўртасидаги мулоқот эса изчил ривожланиб бораётган халқаро муносабатлар тарихида муҳим аҳамият касб этади ва янада самарали натижаларга эришиш учун йўл очади.
Муҳаррама Пирматова суҳбатлашди.
ЎзА